Махсус қўшимча рағбатлантириш тўловларига сазовор бўлган тиббиёт ходимлари 14 кун давомида коронавирусга чалинган беморларни даволашган.
Қайд этилишича, Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан Санитария-эпидемиология хизмати ва унинг ҳудудий марказларига коронавирус тарқалишининг олдини олишга қаратилган тадбирларга жорий йилнинг 5 августига қадар 1 трлн 303,7 млрд сўм ажратилган.
«5 август санасида коронавирус тарқалишининг олдини олишга қаратилган тадбирларга жалб этилган тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларнинг 2247 нафарига 15,4 млрд сўм қўшимча рағбатлантириш тўловлари тўланди.
Шу жумладан:
– 1 637 нафар ходимга 2,1 млрд. сўм лавозим маошига 6 фоиз миқдорида ҳар кунлик қўшимча тўлов сифатида тўлаб берилган. Хусусан, 353 нафар врачга – 722 млн сўм, 740 нафар ўрта тиббиёт ходимга – 825 млн сўм, 286 нафар кичик тиббиёт ходимга – 284 млн сўм ва 258 нафар бошқа ходимларга – 278 млн сўм тўланган;
– 610 нафар ходимга 13,3 млрд сўм 14 кунлик фаолият даври учун махсус қўшимча рағбатлантириш тўлови сифатида тўланган, шундан 157 нафар врачга – 5,6 млрд сўм, 261 нафар ўрта тиббиёт ходимга – 5,5 млрд сўм, 147 нафар кичик тиббиёт ходимга – 2 млрд сўм ва 45 нафар бошқа ходимларга – 0,3 млрд сўм тўлаб берилди», дейилади Молия вазирлигининг ҳисоботида.
Молия вазирлиги юқоридаги тўловлар даромад солиғи ва ягона солиқ харажатлари билан қўшиб ҳисобланганини эслатади.