Ўзбекистон | 13:47 / 08.08.2020
3455
3 дақиқада ўқилади

Нагояда Тошкент шаҳар ҳокимлиги ваколатхонасини очиш режалаштирилмоқда

Нагоя шаҳри мэри билан музокаралар ўтказилди.

Нагоя шаҳри мэри Т.Кавамура

Жорий йилнинг 7 август куни Ўзбекистон бош вазири ўринбосари - инвестиция ва ташқи савдо вазири С.Умурзоқов Нагоя шаҳрининг (Япония) мэри Т.Кавамура билан видеомулоқот ўтказди.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги хабарига кўра, музокаралар чоғида иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш, туризмни ривожлантириш, мутахассислар билан алмашиш, ҳаво парвозларини фаоллаштириш, шунингдек, коронавирус инфекциясига қарши курашдаги ҳамкорликни кенгайтиришга оид кенг кўламли масалалар кўриб чиқилди.

инвестиция ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов

Тошкент ва Нагоя ўртасидаги биродарлик алоқаларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Шу нуқтаи назардан, Нагояда Тошкент шаҳар ҳокимлиги ваколатхонасини очиш истиқболлари муҳокама қилинди. Ваколатхонанинг очилиши иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, тўғридан-тўғри рейсларни кўпайтириш орқали икки шаҳар ўртасида сайёҳлик оқимини ошириш, тажриба алмашиш, технологиялар ва юқори малакали мутахассислар билан тизимли ҳамкорликни йўлга қўйишнинг қўшимча воситасига айланади.

Шунингдек, Нагоя шаҳри билан маданият ва туризм соҳасидаги ҳамкорлик доирасида юқори даражадаги қўшма тадбирлар ўтказилишига тайёргарлик кўриш ҳамда ўзбек ва япон тадбиркорлари ўртасида тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатиш учун мўлжалланган алоҳида бизнес-форум ташкил этиш бўйича яқиндан ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.

Коронавирус пандемиясига қарши курашда Нагоя шаҳри тажрибасини жорий этиш имкониятлари алоҳида кўриб чиқилди. Ҳозирги кунда шаҳарда ривожланган ва барқарор соғлиқни сақлаш тизими ҳамда юқори малакали тиббиёт ходимларининг мавжудлиги туфайли инфекциянинг паст даражада тарқалиши кузатилмоқда. Томонлар Тошкент тиббиёт академияси ва Нагоя университети ўртасида соғлиқни сақлаш соҳасида кадрларни тайёрлашга оид ҳамкорликни ривожлантириш бўйича ўзаро келишиб, бу борадаги келгусидаги амалий ҳаракатларни белгилаб олдилар.

Музокаралар чоғида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш билан боғлиқ бир қатор алоҳида масалалар ҳам муҳокама қилинди. Хусусан, Тошкент шаҳрида юқори технологияли IT-паркини яратиш борасидаги ишларнинг бориши ва ушбу ташаббус ижросини жадаллаштириш бўйича устувор чора-тадбирлар муҳокама қилинди.

Шу билан бирга, инвестициявий ҳамкорликнинг мавжуд салоҳиятини максимал даражада ошириш зарурлиги қайд этилди ва бу борада томонлар илгари келишилган лойиҳаларни амалга ошириш бўйича таклифлар билан алмашдилар. Томонлар Mitsubishi Electric компаниясининг Ўзбекистонда йўловчи лифтларини ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга оширишдаги ютуқларни мамнуният билан эътироф этдилар.

Видеомулоқот якунида эпидемиологик вазият барқарорлашгани билан Япония ва Ўзбекистон тадбиркорларидан иборат бизнес делегацияларининг ўзаро ташрифларини ташкил этиш бўйича ҳам келишувга эришилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид