Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида ва хорижда ҳужжатлар ва далолатномаларни консуллик легаллаштириш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Низом хориждаги Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари томонидан хорижда ва Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг Консуллик-ҳуқуқий департаменти томонидан Ўзбекистон Республикасида ҳужжатлар ва далолатномаларни консуллик легаллаштириш тартибини белгилайди.
Ҳужжатлар ва далолатномаларни консуллик легаллаштириш ҳужжатлардаги ҳамда далолатномалардаги имзоларнинг ҳақиқийлигини, ҳужжатни ёки далолатномани имзолаган шахснинг ваколатларини, легаллаштиришга тақдим этилган ҳужжатга ёхуд далолатномага босилган муҳр ёки штампнинг ҳақиқийлигини ҳамда бу ҳужжатлар ва далолатномаларнинг хорижий давлат ёки Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқлигини аниқлаш ва шаҳодатлашдан иборатдир. Консуллик томонидан ҳужжатлар ва далолатномаларнинг легаллаштирилиши уларнинг халқаро муносабатлардаги қонунийлигини тасдиқлайди.
Консуллик легаллаштириш ҳужжат ёки далолатномада баён этилган фактларни эмас, балки фақат уларни имзолаган шахснинг ваколатларини, легаллаштиришга тақдим этилган ҳужжатга ёхуд далолатномага босилган муҳр ёки штампнинг ҳақиқийлигини аниқлаш ва шаҳодатлашдан иборатдир.
Консуллик легаллаштириш функциясини:
а) хорижий давлатларда — Ўзбекистон Республикасининг консуллик муассасалари;
б) Ўзбекистон Республикасида — Ўзбекистон Республикаси ТИВ Консуллик-ҳуқуқий департаменти бажаради.
Хорижий давлатларда ҳужжатлар ва далолатномаларни консуллик легаллаштириш функциялари консуллик мансабдор шахсига юклатилади.
Агар бирор-бир сабабга кўра консул ўз функцияларини бажара олмаса ёки консул лавозими вақтинчалик бўш бўлса, консулнинг вазифалари хорижий давлат ҳудудида жойлашган мазкур ёки бошқа консуллик муассасасининг бошқа мансабдор шахсига ёки ушбу давлат ҳудудида жойлашган Ўзбекистон Республикаси дипломатик ваколатхонасининг дипломатик ходимларидан бирига топширилади.
Ўзбекистон Республикасида ҳужжатлар ва далолатномаларни консуллик легаллаштириш функциялари Ўзбекистон Республикаси ТИВ Консуллик-ҳуқуқий департаментининг ходимларидан бирига юклатилади.
Ўзбекистон Республикаси муассасалари ва ташкилотлари чет давлатнинг муассасалари ҳамда ташкилотларидан жўнатиладиган ҳужжатлар ва далолатномаларни улар консуллик томонидан легаллаштирилган тақдирдагина, агар Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида ёки Ўзбекистон Республикаси ҳамда муассасалари ва ташкилотларидан мазкур ҳужжатлар ва далолатномалар жўнатиладиган давлат иштирокчи бўлган халқаро шартномада бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, кўриб чиқиш учун қабул қилинади.














