Ўзбекистон Республикаси президентининг 2020 йил 24 январда Олий Мажлисга йўллаган мурожаатномасида камбағалликка қарши кураш иқтисодий ривожланиш сиёсатимизда устувор вазифа этиб белгиланди.

«Камбағалликни камайтириш – бу аҳолида тадбиркорлик руҳини уйғотиш, инсоннинг ички куч-қуввати ва салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш, янги иш ўринлари яратиш бўйича комплекс иқтисодий ва ижтимоий сиёсатни амалга ошириш, демакдир», деб таъкидланган эди мурожаатда.

Иқтисодиёт қонунларига асосан, «камбағаллик камбағалликни келтириб чиқаради». Мазкур жараён бир неча сабабларга кўра содир бўлади.

Биринчидан, даромадлари паст мамлакатлар сифатли таълим ва соғлиқни сақлаш учун етарлича пул сарфлай олишмайди, камбағал аҳоли эса сифатли пуллик таълим ва тиббиёт хизматларга қурби етмаслиги сабабли инсон салоҳияти пасайиб, камбағалликдан қочиб қутула олмайдилар.

Иккинчидан, камбағал аҳолининг даромадлари пасайиб борган сари, истеъмол бозорининг сиғими мутаносиб равишда кичрайиб боради ва бунинг натижасида саноат моллари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва айниқса, хизматларга бўлган талаб пасайиб боради. Бу эса, ўз навбатида, иқтисодий тараққиётга тўсқинлик қилади, бюджет даромадларини камайтиради ва камбағалларни ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш имкониятини камайтириб ёпиқ циклик жараён кўринишига келади.

Учинчидан, аксарият ҳолларда камбағалларнинг дунёқараши даромад юқори бўлганлардан фарқ қилади. Юқорида айтиб ўтилган сабабларга кўра, улар орасидан ижодкор ва тадбиркорлик қобилиятига эга инсонларнинг етишиб чиқиши эҳтимоли камроқ. Шунингдек, одатда камбағал оила аъзолари орасида жиноятчилик кўрсаткичлари нисбатан юқорироқ бўлади.

Бошқача қилиб айтганда, камбағалликни келтириб чиқарувчи омиллар мамлакатда инсон салоҳиятини ривожлантиришга, ишлаб чиқарувчи кучларнинг ривожланиши ва аҳолининг иқтисодий фаолиятига тўсқинлик қилади.

Ўзбекистонда охирги уч йил мобайнида камбағалликни камайтиришга қаратилган чора-тадбирлар натижасида аҳоли жон бошига реал жами даромад 43,9 фоизга, ўртача ҳисобланган номинал ойлик иш ҳақи 79,7 фоизга ёки 2016 йилдаги 1293,8 минг сўмдан 2019 йилда 2324,5 минг сўмга ошди.

Жаҳон банкининг «Ўзбекистон фуқароларини тинглаб» лойиҳаси доирасида, уй хўжаликлари орасида ўтказилган сўровнома натижаларига кўра, 2020 йилнинг январь-март ойлари учун ўртача камбағал хонадоннинг ойлик даромади тахминан 1,5 миллион сўмни ташкил этиб, таққослама нархларда бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 12 фоизга ошган.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистондаги камбағалликни бартараф этиш муаммосини