Ўзбекистон | 18:40 / 11.08.2020
10229
2 дақиқада ўқилади

Нукусда буюм бозорлари ва жамоат транспорти фаолиятига рухсат берилди

10 августдан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси Транспорт вазирлиги рухсати билан Нукус шаҳрида А.Досназаров, Тўрткўл гузари ва Шароф Рашидов кўчалари бўйлаб автобуслар қатнови қайта тикланди. Шунингдек, шу кундан бошлаб Нукус савдо комплекси фаолиятига рухсат берилган. Бу ҳақда Kun.uz'га Қорақалпоғистон Вазирлар кенгаши матбуот хизмати хабар берди.

Нукус буюм бозори шаҳар ташқарисидаги очиқ майдонда жойлашган. Ҳозирда бу ерда дезинфекциялаш ишлари олиб борилмоқда. Ўрнатилган қатъий тартибга кўра, бозордаги тадбиркорлар фаолияти қайта тикланмоқда.

Бозордаги кийим-кечак, маиший техниклар савдоси ва тикув цехлари фаолиятига рухсат берилган. Бугундан бозор ҳудудида ободонлаштириш ишлари бошланган.

Қорақалпоғистон Республикаси Транспорт вазирлигининг маълум қилишича, ҳозирда бозорга 9 йўналишда 45та автобус қатнови қайта тикланган.

«Беш ой уйда ўтирдик. Ё ойлик олмаймиз, ё пенсия олмаймиз. Жуда қийналдик. Бозор фаолиятига рухсат берилгани тадбиркорлар учун ҳам, харидорлар учун жуда яхши бўлди», дейди нукуслик тадбиркор Зуҳра Садиқова.

Қорақалпоғистон Вазирлар кенгаши матбуот хизматининг қўшимча қилишича, Қорақалпоғистонда карантин талаблари босқичма-босқич юмшатилиши кутилмоқда.

Мавзуга оид