Жаҳон | 00:00 / 12.08.2020
5684
2 дақиқада ўқилади

Канн шаҳрида отишма ҳақида тарқалган ёлғон хабар сабабли 44 киши жабрланди 

Франциянинг Канн шаҳридаги Круазетт хиёбонида отишма ҳақида тарқалган ёлғон хабар сабабли юзага келган саросима вақтида 44 киши жароҳат олди. Бу ҳақда Euronews телеканали хабар берди.

Шаҳар мэри Давид Лиснарднинг таъкидлашича, одамлар ичидан кимдир отишма бошланганини айтиб бақиргандан кейин тўс-тўполон бошланган.  

“Каннда отишма ҳам, жанговар қиёфадаги телба ҳам бўлмаган. Фақат бир киши “отишма” деб бақиргандан кейин саросима бошланган”, деб ёзган Лиснард Twitter’да. Унинг таъкидлашича, бу жамиятда жумладан коронавирус сабабли пайдо бўлган тангликдан дарак беради.

Ижтимоий тармоқларда жойланган видеоёзувларда шаҳар кўчалари бўйлаб югураётган одамлар ҳамда кўчаларни патруллаётган полициячиларни кўриш мумкин. Воқеа гувоҳларининг маълумотларига кўра, оломон саросимада Barrière le Majestic пляжидан оқиб кела бошлаган ва ўз йўлида учраган барча нарсани остин-устун қилган. 

Таъкидланишича, жабрланувчилар кичик жароҳатлар олган. Воқеа оқибатларини бартараф этишда 83 нафар ўт ўчирувчи иштирок этган.

Alpes-Maritimes префектурасида ҳам отишма бўлмагани тасдиқлаган ва ҳужум ҳақидаги хабарлар “ёлғон” экани айтилган. Шу муносабат билан префектура маъмурияти барчага ижтимоий тармоқларда ёлғон хабар тарқатмаслик қанчалик муҳим эканини эслатиб ўтган.  

Кузатувчиларнинг таъкидлашича, воқеа вақтида охирги ойлар карантин сабабли юзага келган умумий тангликдан ташқари, одамларга 4 йил аввал Ницца шаҳри соҳилбўйида содир этилган теракт ҳақидаги ёдлар ҳам таъсир қилган. Ниццада 2016 йил 14 июлда 31 ёшли террорчи Муҳаммад Буҳлол 19 тонналик юк машинасида одамлар устига бостириб борган эди. Бунинг оқибатида 86 киши ҳалок бўлган, 308 киши жароҳат олган.

Мавзуга оид