Аммо бу юмшатиш айтайлик, май ойидаги ҳолат билан фарқ қилади. Четдан қараганда, ўша шароитга кириб бораётган бўлсак-да, камида аҳолининг пандемияга бўлган муносабати ўзгарган бўлиши керак. Умуман, сўнгги тўрт ойда халқимиз коронавирусга нисбатан тўрт хил позицияга эга бўлди.
- Апрель: Ваҳима.
- Май — июнь: Нописандлик.
- Июль: Қўрқув.
- Август: Кўникма.
Мана шу босқичларнинг ҳар бирини табиий равишда босиб ўтган давлат ҳам, халқ ҳам, бугунги шароит ва жараёнларга энг рационал қарашни намойиш қилиши керак бўлади.
Айтайлик, эндиги юмшатиш билан май ойидагини солиштириб бўлмайди — ҳозир худдики карантин тақиқлари олиб ташланаётган бўлса ҳам, касалланишлар тингани йўқ, ўша тезликда, ўша нисбатда давом этяпти. Хўш, у ҳолда юмшатиш нима учун керак бўлиб қолди?
Бир томондан қараганда, карантин қоидаларининг юмшатилиши одамларни сақлаб қолиш билан иқтисодиётни сақлаб қолиш ўртасидаги икки ечимдан бирини танлашга ўхшаса-да, аслида ундай эмас. Касаллик кўп бўлиб турса ҳам, карантиндан қисман воз кечиш инсонларнинг ҳаётини иқтисодиёт учун қурбон қилиш, деган маънони бермаслиги керак.
Чунки карантин иқтисодиётни ўлдиради, деган хулоса қисқа вақтдаги ечимлар учун тўғри, холос.
Масалан, юз йил олдин Испанияда тарқалган ўлат даврида баъзи давлатлар қатъий карантинга кириб, баъзилари иқтисодиётни сақлаб қолиш умидида бунга эътибор қаратмаган. Ўша палла ўтиб, бир неча йиллик истиқболда қаралганда эса, аксинча, карантинга амал қилган давлатларда иқтисодий ўсиш кўпроқ кузатилган. Сабаби — карантин ёрдамида соғлиқни сақлаш тизимини барқарорлаштириб олган мамлакатлар аста-секинлик билан эски ҳаёт тарзига қайтиш оқибатида, иқтисодиётда кескин ўсиш кузатила бошланган.
Аксинча, вирусга эътибор қаратмай, ҳаёт тарзини ўзгартирмаган давлатларда касаллик бадтар авж олиб, соғлиқни сақлаш тизими издан чиққан, касаллар ва ўлимлар кескин ошиб кетганидан иқтисодиётни тиклаш имкони бўлмай қолган.
Ҳа, карантинда ўтирган одам камроқ пул сарфлайди, чойхонага бормайди, бозор қилишни кейинга суради, тўй қилмайди ва шу орқали иқтисодиётдаги товар айланмасига ҳисса қўшмайди. Аммо агар иқтисодиётни устун кўриб, барчасига рухсат бериб юборилиб, касаллик, ваҳима, ўлим кучайиб кетса, одамлар табиий равишда уйга қамалиб оладилар, қўрқа бошлайдилар. Чойхона, бозор, тўй уларни қизиқтирмай қўяди. Бунда соғлиқни сақлаш тизими ҳам, бу билан бирга иқтисодиёт ҳам издан чиқиб кетади.

















