Тихановская сайлов натижаларини тан олмаслигини маълум қилди, кейин кўп ўтмай йўқолиб қолди. Бироз ўтиб унинг намойишчиларни милицияга қулоқ солишга чақирган видемурожаати пайдо бўлди. Литвага кетгач эса Тихановская яна бир видеомурожаат йўллаб, «фарзандлари энг муҳимлиги» ҳақида гапирди.

Биринчи мурожаат

Тихановскаянинг Литвага кетгани ҳақида Литва ташқи ишлар вазири Линас Линкявичюс эрталаб твиттердаги саҳифасида эълон қилди: «Светлана Тихановская Литвада ва хавфсиз жойда!» деб ёзди Литва ТИВ раҳбари.

Куннинг иккинчи ярмида Тихановскаянинг қуйидаги гаплар айтилган видеомурожати тарқалди:

«Ҳурматли Беларусь фуқаролари. Мамлакат раҳбарини аниқлаш учун сайловларда қатнашганингиз учун раҳмат. Халқ ўз танловини амалга оширди. Сизларни милицияга қаршилик қилмасликка, майдонларга чиқмасликка чақираман. Ўзингиз ва яқинларингизни хавф остида қолдирманг».

Кейинчалик бу мурожаат Беларусь сайлов комиссияси биносида ёзилгани маълум бўлди. Тихановская қоронғу хонада қилинган бу мурожаатни ўқиб берган.

Иккинчи мурожаат

Кейинчалик Тихановская YouTube'да чиқиш қилди ва фарзандлар ҳаммасидан ҳам муҳимлигини айтди:

«Бошида сайлов кампанияси менга шунчалик катта куч бердики, ҳаммасига бардош бера оламан, деб ўйлагандим. Бироқ мен барибир ўша бошидаги каби ожизалигимча қолгандайман. Жуда мураккаб қарор қабул қилдим. Уни мустақил қабул қилдим. Дўстларим, яқинларим, штаб, Сергей (эри, Сергей Тихановский) қароримга таъсир қилишгани йўқ.

Кўпчилик мени тушунишини биламан, яна кўпчилик ҳайрон қолишади ва ёмон кўриб қоладиганлар ҳам бўлади. Бироқ шуни билишингизни хоҳлайманки, мен дуч келган ҳолатга тушишни Худо ҳеч кимга раво кўрмасин. Ҳаётимизда мавжуд бўлган энг муҳими бу – болаларимиз», – деди Тихановская титроқ овозда.

Тихановскаянинг ишончли вакили Ольга Ковалькованинг айтишича, уни мамлакатдан ҳукумат вакилларининг ўзлари чиқариб қўйишган. Тихановскаянинг мамлакатни тарк этиши унинг штаби раҳбари Мария Мороз қўйиб юборилишига имкон берган.