Kun.uz’нинг ҳукумат вакиллари, турли ташкилот ва муассаса раҳбарлари билан ўтказиб келаётган суҳбатлари давом этади. Бизнинг навбатдаги суҳбатдошимиз Тошкент шаҳридаги ИНҲА университети ректори Музаффар Жалолов бўлди.

Маълумот учун, Тошкент шаҳридаги Инҳа университетига (IUT) 2014 йилда Жанубий Корея республикасидаги ИНҲА университети билан ҳамкорликда асос солинган.

Ректор билан суҳбатимиз Ўзбекистондаги ва хорижий ОТМлардаги ўқиш сифати, маҳаллий олий таълим муассасаларимизга халқаро рейтингларда юқорилаш учун етишмаётган омиллар, ИНҲАнинг нега ҳалигача Ўзбекистонда аккредитациядан ўтказилмагани, коррупциясиз ҳам ташкил қилинаётган кириш имтиҳонлари  ҳамда университетда ўқув жараёнларига оид бошқа мавзулар юзасидан бўлди.

Сиз суҳбат давомида шунингдек, талабалар томонидан йўллаган бир қатор муаммоли саволлар Ўзбекистондаги энг ёш ректор ҳисобланган Музаффар Жалоловни анча тер тўкишга мажбур қилганини кўришингиз мумкин.

Университет ректорига берган биринчи саволимиз пандемия даврида хусусий ва ҳамкорлик асосида очилган университетларда, жумладан, ИНҲАда қабул жараёнлари қандай ташкил қилинаётгани борасида бўлди.

Ундан шунингдек, ИНҲА университетига талабаларни одатий саралаш жараёни маҳаллий ОТМлардагидан қандай жиҳатлари билан фарқ қилиши борасида ҳам сўрадик.

Музаффар Жалоловнинг айтишича, ИНҲА университети Жанубий Кореянинг мамлакатдан ташқарида фаолият бошлаган энг биринчи университетлардан ҳисобланади.

Бу ерда ўқув тизими тўлиқ Корея дастури асосида йўлга қўйилгани учун кириш имтиҳонидан тортиб, ўқув жараёнлари ва диплом топширишга қадар тўлиқ кореялик мутахассислар назоратида туради.

ИНҲА университети ректори Музаффар Жалолов

«ИНҲА университетида имтиҳонга савол тайёрлаш ва имтиҳон ўтказиш жараёни тўлиқ жанубий кореялик мутахассислар томонидан амалга оширилади.

Мутахассислар имтиҳондан бир кун олдин Ўзбекистонга учиб келишади. Имтиҳонлар учун саволлар ҳам шу пайтда олиб келинади ва тест бошланиши арафасида очилади. Кореялик мутахассислар имтиҳонларни ўтказгач ўша куннинг ўзида яна қайтиб кетишади. Жавоблар ҳам Кореянинг ўзида маълум бўлади. Бу ерда жавобларга учинчи томоннинг аралашувига умуман имконият йўқ. Бу бизнинг карантингача бўлган имтиҳон жараёнлари эди.