Иқтисодиёт | 16:28 / 13.08.2020
12474
2 дақиқада ўқилади

Тожикистон Хитойдан қарз мажбуриятлари бўйича енгиллик тақдим этишни сўради

Тожикистон ҳукумати янги коронавирус пандемияси оқибатларини ҳисобга олган ҳолда Хитойдан кредит мажбуриятлари бўйича енгиллик тақдим этишни сўраган, деб хабар қилмоқда Asia-plus Тожикистон иқтсодий ривожланиш ва савдо вазирлиги хабарига асосланиб.

Тожикистоннинг Хитой «Эксимбанк»и олдидаги қарзи мамлакат жами ташқи қарзи ҳажмининг қарийб 40 фоизига тенг: республика Хитой банкидан 1,2 миллиард АҚШ доллар қарз, мамлакатнинг умумий ташқи қарзи эса 3,1 миллиард долларга тенг.

Тожикистоннинг шунингдек Жаҳон банки олдидаги қарзи — 338,5 миллион доллар, Осиё тараққиёт банки олдидаги қарзи — 287,3 миллион доллар, Ислом тараққиёт банки олдидаги қарзи — 131,9 миллион доллар, евробондлар бўйича қарз мажбуриятлари 500 миллион долларга яқин.

Бир вақтнинг ўзида Тожикистон томони тўғридан тўғри Хитой инвестицияларини республика иқтисодиётига жалб қилишни кўпайтиришни таклиф этмоқда.

Тожикистоннинг Инвестициялар ва давлат мулкини бошқариш давлат қўмитаси маълумотларига кўра, Хитой 2007–2019 йилларда мамлакат иқтисодиётига 2,8 миллиард доллар инвестиция киритган.

Ўтган давр ичида Хитой инвестициялари алоқа, қурилиш, молиявий хизматлар, геологик қидирув ва қазиб олиш, техник ускуналар монтажи каби иқтисодиёт секторларига ётқизилган.

Тожикистон Инвестициялар ва давлат мулкини бошқариш давлат қўмитаси раҳбари Фаррух Ҳамрализода июль ойининг охирларида журналистларга коронавирус пандемияси туфайли мамлакат иқтисодиётига инвестициялар ҳажми 30–50 фоизга камайганини айтиб берган эди.

У шунингдек, мамлакатдаги инвестициявий лойиҳаларнинг аксарияти хитойликлар сармояси эвазига амалга оширилаётганини ҳам қўшимча қилганди.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид