Ҳақ олинур, берилмас. Сўз эркинлиги аслида, инсоннинг туғилишидан унга Худо томонидан берилган ҳуқуқ бўлса-да, унинг амал қилиниши учун инсоният йиллар давомида курашди, яъни бу ҳуқуқ ҳам қайсидир маънода цивилизациядир. Бир пайтлар Галилейни ер айланиши ҳақидаги фикридан воз кечишга мажбур қилишган, бир пайтлар инсон бир сўзи учун жазоланиши, ўлдирилиши мумкин эди. Бундай ҳолатлар томон қадам ташлаш, нафақат ўша матбуот, сўз эркинлигини, балки бутун ривожланишнинг ҳам оёғига болта уради.

Бу мавзулар ҳақида алоҳида тушунтириш даври аллақачон ўтган. Зеро, президент Шавкат Мирзиёев бошқарувга келган илк йиллариданоқ биринчи навбатда сўз ва матбуот эркинлиги, журналистика, блогерлик, жамоатчилик назорати ҳақида жуда кўп бора чиқиш қилди. Сўз эркинлигисиз бошқа соҳаларда ҳам ривожланиш бўлмаслиги уқтириб келинади.

Аммо бу чақириқларни эшитмасликка оладиган ёки тескари тушуниб, сайтлар ёки журналистларга душмандек қарайдиган, улар олиб чиқаётган мавзуларни салбий баҳолаб келаётганлар ҳам йўқ эмас. Хусусан, бундай қарашларни биз, шунчаки, танқидчиларга қарши фикрий курашларда ёки баёнотларда, троллар фабрикасини ишга солишда эмас, техник аралашувларда ҳам кўряпмизки, бу вазият жиддий эканини кўрсатади.

Масалан, сўнгги кунларда Facebook ижтимоий тармоғи кўнгилдагидек ишламаяпти, бу ҳақида жуда кўп шикоятлар бор — жамиятдаги муаммолар ва уларнинг ечимлари энг кўп кўтариладиган, жамоатчилик назорати энг фаол тарзда ўрнатилган ижтимоий тармоқнинг Ўзбекистонда яхши ишламаётганига ҳали ҳам аниқ изоҳ йўқ. Ёки яқинда Комил Алламжонов томонидан эътибор қаратилган мавзу — баъзи фаол блогерларнинг Telegram аккаунтларини бузишга уриниш ҳолатлари, бу ҳам алоҳида эътиборга арзийдиган таҳдидларнинг бир кўринишидир.

Бундан ташқари, эркин матбуот, танқидий чиқишларнинг айниқса, пандемия ёки Сардоба фожиаси даврида зарарли экани ҳақидаги қарашлар ҳам авж олиб, эркин блогерларни чеклашга уриниш ҳолатлари, матбуотчиларни гўёки уйдирмачи, ҳайпга ўч, шов-шув кетидан қувадиган ахлоқсиз шахсиятлар сифатида кўрсатиш ҳолатлари ҳам пайдо бўлди.

Сўз эркинлиги давлат бошқарувига халақит берадими ёки ёрдам?

Жойлардаги матбуотнинг холис ишлаши ва ахборот тарқатиши бошқарувнинг сифатли, масъулиятли бўлишига олиб келиши шубҳасиз. Агар эркин матбуот бўлмаса, давлатда ҳар бир соҳа бўйича алоҳида муқобил ахборот пайдо бўлади. Бу ахборот холис инсонлар томонидан қилинмагач, табиийки, у ёки бу маълумотнинг берилишидан манфаатдор қатлам бу ишни ўз зиммасига олади. Бу ёлғон ҳисоботлар шаклида ҳам ёки жойлардаги раҳбарларнинг «чўнтак журналистлари» ёрдамида ҳам амалга оширилиши мумкин. Кўзбўямачилик, йўқ ютуқларни кўрсатишга уриниш, айбларни хаспўшлаш авж олади. Юқоридагилар олдида топшириқлар бажарилаётгани, халқнинг рози экани ҳақида турли иллюзиялар пайдо бўлади. Қарорлар ва қонунлар чиқаришда халқнинг кайфияти, истаклари, эҳтиёжлари акс этмаслик ҳолатлари кўпаяди.