«Ёшим 47 да. Турмушга чиққанимга ҳам, мана, 27 йил бўлибди. Бу ёшда қуда-андали бўлиб, неваралар қучоғида яйраб-яшнаб юриш ўрнига ижарада кун кечириб юрибман. Турмуш ўртоғим мени уйдан ҳайдаб юборганига 5 йил бўлди. Шундан бери қизим ва ўғлим билан ижарада яшаймиз. Вазият яхшиланиб кетар, деган умидда ҳалиям ажрашмадим. Қайнонам уйни ташлаб кетганим учун фақат мени айблайди. Эримнинг масъулиятсизлиги, оила боши сифатидаги ўрнини ҳис қилмаслиги сабабли муҳтожлик кўчасига кириб қолдик. Ишлашга мажбур бўлдим. Ўғлим ҳам пул топаман, деб Россияга кетди. Уч йилдан бери унинг дийдорига зорман. Оиламиз пароканда бўлиб кетганига ким айбдор?»

Аёл ўн саккиз минг оламнинг энг буюк мўъжизаларидан бири. Аллоҳ уни ўзига хос ва мос қилиб яратган. Бир ҳилқатга нозиклик, нафосат, шарм-ҳаё, шу билан бир қаторда метин бардош, матонат, сабрни ҳам мужассам этган. Ҳа, аёл шундай яралган: унинг меҳрибон, раҳмдиллиги, кези келганда эса кучли иродаси билан эркакларни-да лол қолдириши бор ҳақиқат. Исми сир тутилишини истаган самарқандлик аёл бошидан кечирганлари ҳақида сўзлаб берди. Ажабмас, бир муштипарнинг кечинмалари сиз-у бизнинг юракларимизга етиб борса.
«Эрим икки фарзандимдан воз кечишга мажбур қилган»
1993 йилда турмуш қурдик. Аввалига ҳаммаси яхши эди. Шаҳарда ўз уйимиз бор эди. Аҳил-иноқ яшардик. Эримнинг топиш-тутиши ҳам яхши эди. Ташкилотда ҳисобчи бўлиб ишларди. Икки йилдан кейин ўғлим туғилди. Шундан кейин ўртада икки фарзандим нобуд бўлди. Тўғрироғи, бола тушиши хавфи бор, деб аборт қилдирганман. Эрим нима қиласан яна фарзандли бўлиб, деб ҳомиламдан воз кечишга мажбурлаган. Шифокор кўригига борганимда, бола тушиши хавфи борлигини айтишган. Ўша пайти аборт қилдираётганимни ҳам билмаганман. Агар боламни аборт қилишаётганини билганимда, бунга ҳеч қачон йўл қўймасдим. 2002 йилда қиз фарзандли бўлдим. Ҳомиладорлигимни эримдан яширдим, чунки бунисиниям олдиргизиб ташлашидан қўрқдим. Ҳомилам катта бўлишини кутдим, шундан кейингина эримга бу ҳақда айтдим.
Эрим бирон масалада мен билан маслаҳатлашмасди, ўз билганича ҳал қиларди. Иккаламиз ўтириб яқиндан гаплашмасдик ҳам. Иши ҳақида сўрасам, ишинг бўлмасин, деб жеркиб берарди. Эр-хотин бўлсак ҳам иккита алоҳида қутбда яшардик гўё. У менга буюм сифатида қарарди.
«Қозонимиз ҳафталаб қайнамасди»
Вақт ўтган сари эримнинг ишлари юришмай қолди. Иш жойини тез-тез ўзгартирадиган бўлди. Сиқилганидан кўп ичадиган бўлди. Ҳомилам нобуд бўлишига сабабчи бўлгани учун қилган иши Аллоҳга ёқмади, деб ўйлайман. Рўзғор билан иши бўлмай қолди. Муҳтожлик туфайли ишлашга мажбур бўлдим. Болаларим учун пул топиб келишим керак, деган фикрда эдим. Қозонимиз ҳафталаб қайнамасди. Эримнинг ўзи ҳам хижолат бўларди бўш қўл билан келганида. Ҳаммаси яхши бўлиб кетар, дея умид билан яшардим. Жуда оч қолиб кетган вақтимизда қўшнилардан егулик сўраб турган вақтларим ҳам бўлган.










