Янгийўлдаги шифохонанинг абгор ҳолати акс этган видео тарқалди. ССВ шифохона учун янги бино қурилганини маълум қилди
Берилган изоҳга кўра, шифокорлар «турли сабаблар билан» янги шифохонага ишлашга ўтишмаган, беморлар ҳам кўчирилмаган.
Интернетдаги қатор тармоқларда “Озодлик” радиосига йўлланган, Янгийўл шаҳридаги юқумли касалликлар шифохонасига оид видеолавҳа тарқалди. Унда хароб бино, абгор йўлаклар, таъмирталаб палаталар ва суви йўқлиги таърифланган ювиниш хоналари тасвирланган.
Видеолавҳада сўзлаган шифокор аёл – бўлим мудири Гулнора Акбарова тиббий маскандаги қатор муаммолар ҳақида айтиб берган.
Kun.uz мухбири Янгийўлдаги шифохона нима учун бу қадар оғир аҳволга тушиб қолганига изоҳ олиш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Улуғбек Собиров билан боғланди.
«Янгийўлга шахсан ўзим бориб, ҳолат билан танишдим. Видеолавҳада тасвирланган шифохона чиндан ҳам оғир аҳволда. Сабаби, 1972 йилда қурилган ва узоқ вақтдан бери таъмирланмаган. Чунки Янгийўлда бутунлай янги ва барча шароитларга эга шифохона қурилган. Турли сабабларга кўра, шифокорлар янги шифохонада фаолиятларини бошлашмаган, беморлар ҳам у ерга кўчирилмаган.
Жойига бориб тушунтириш ишлари ўтказдик, бош шифокор ва бўлим бошлиғига янги шифохонани янгитдан таништирдик, имкониятларини кўрсатдик. Айтиш мумкинки, зарур шароитлар яратилган янги юқумли касалликлар шифохонаси ходимларга манзур бўлди. Кўчиш жараёни бошланди. Дори-дармонлар бўйича камчиликлар ҳам ўрганиб чиқилди ва зарур дорилар ҳам етказиб берилди», – деди вазир ўринбосари.
Вазирлик вакиллари тақдим этган видеода, бош врач Жаҳонгир Асатуллаев ва бўлим мудири Гулнора Акбарова шифохонанинг янги биносидан рози экани, бу ерда зарур шароитлар борлигини айтганини кўриш мумкин.
Мавзуга оид
22:34 / 03.10.2024
Янгийўлда хонадондан қочиб кетган илонлар тутилди – ИИББ
15:11 / 03.10.2024
Янгийўлда уйида кобра боқиб келган шахс илонларни очиққа қўйиб юборди
09:45 / 10.09.2024
Жиззахда уч ака-ука шифохонада безорилик қилди
15:01 / 02.09.2024