Жаҳон | 08:39 / 23.08.2020
9860
2 дақиқада ўқилади

Махатма Гандининг кўзойнаги 340 минг долларга сотилди

Замонавий Ҳиндистон асосчиси Махатма Гандига тегишли бўлган кўзойнак Британияда 260 минг фунт стерлингга (340 минг доллар) сотилди.  

Фото: dpa

Тилла сув югуртирилган гардишга эга кўзойнак East Bristol Auctions аукцион уйидаги кимошди савдоси вақтида рекорд қийматга сотилган.

Кўзойнакнинг охирги эгасига уни амакиси совға қилган. У эса ўз навбатида кўзойнакни Жанубий Африкада 1910 йилдан 1930 йилгача фаолияти давомида шахсан Гандининг ўзидан олган.

Кўринишича, кўзойнакнинг эгаси унинг қанчалик юқори қийматга эга эканлиги ҳақида тасаввурга эга бўлмаган ва у учун катта сумма олишга умид қилмаган. У шунчаки кўзойнакни конверт ичига солиб, аукцион уйининг почта қутисида “Бу кўзойнак Гандига тегишли бўлган, менга қўнғироқ қилинг” деган ёзув билан қолдириб кетган. Эркакнинг кейинроқ тан олишича, у аукцион уйига кўзойнак “ҳеч нарсага ярамаса, уни ташлаб юборишлари мумкинлигини” айтган.

 “Эҳтимол, бу кўзойнак бизда бўлган энг машҳур кўзойнак ва энг қимматли тарихий буюм ҳисобланади. Мен кўзойнак эгасига у чамаси 15 минг фунт стерлинг (20 минг доллар) туриши мумкинлигини айтганимда, у менга эсанкираганидан стулидан йиқилиб тушгандек туюлди”, деб айтган аукцион уйи вакили Эндрю Стоув.

Натижада эса кўзойнак дастлабки баҳоланган нархидан 17 карра қимматроққа сотилган.

Мавзуга оид