Жонс Ҳопкинс университетининг сўнгги маълумотларига кўра, бугунги кунга келиб коронавирус дунё бўйлаб 23,2 миллиондан ортиқ инсонга юққан, деярли 805 минг киши ҳаётдан кўз юмган. Касалланганларнинг катта қисми учта давлатга тўғри келади - АҚШ, Бразилия ва Ҳиндистон.
Тимошенко оғир аҳволда
Украинанинг собиқ бош вазири Юлия Тимошенконинг бетоблиги ҳақида унинг матбуот котиби Марина Сорока Facebook'да хабар берган. Унинг сўзларига кўра, Тимошенконинг ҳарорати юқори, шифокорлар унинг аҳволини оғир деб баҳолаган.
«Ҳа, афсуски бу тўғри. Тест Юлия Владимировнада COVID-19 борлигини кўрсатди. Унинг аҳволи оғир деб баҳоланмоқда. Тана ҳарорати 39 даражага кўтарилган. Курашмоқда!», - дея ёзган у якшанба куни фейсбукдаги саҳифасида.
Сиёсатчининг қизи Евгения Тимошенко ва куёви Артур Чечеткинда ҳам вирус аниқланган.
шу вақтгача Украинада 107 минг 379 кишида янги коронавирус аниқланган, шундан 2 313 киши вафот этган.
ЖССТ: Ўсмирлар ниқоб тақиши шарт
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 12 ёшдан ошган болалар, ўз яшаш ҳудудининг қоидаларига мувофиқ, катталар билан бир қаторда ниқоб тақиши кераклигини маълум қилди.
ЖССТ вакилининг сўзларига кўра, ўсмирлар худди катта ёшлилар каби вирус ташувчиси эканлиги ҳақида етарли далиллар мавжуд. Бундан ташқари, ташкилотнинг қўшимча қилишича, касаллик тарқалишида болаларнинг ролига доир, аввалгидек, жуда оз нарса маълум.
5 ёшдан кичик болаларнинг на жамоат жойида, на самолёт бортида ниқоб тақишига ҳожат бор.
Ташкилот экспертлари, шунингдек, 6 ёшдан 12 ёшгача бўлган болалар, агар ниқобдан мустақил ва тўғри фойдалана олишса ҳамда уларнинг ўқиши ва психо-социологик ривожланишига халақит бермаса, тақишлари мумкинлигини қайд этишган.
Маҳаллий расмийлар ва авиакомпаниялар 6-12 ёш гуруҳлари бўйича ўз хоҳишига кўра қарор қабул қилиши мумкин.
Британия ҳукумати катта жарималар жорий қилмоқда

Англия полицияси 30 нафардан ортиқ меҳмон иштирок этган тадбир ва йиғилишлар ташкилотчиларини жаримага тортиш ваколатига эга бўлди. Хусусан, гап ёшларнинг ноқонуний базмлари ҳақида ҳам кетмоқда. Жарималар 10 минг фунт стерлинггача бўлиши мумкин.


















