Минскда Александр Лукашенкога қарши янги акция ўтказилди. RT ва Белтелерадиокомпания маълумотларида унда 20 минг киши иштирок этган, «Медуза» баҳосига кўра эса — 150 минг киши (бир ҳафта олдинги Беларусь тарихидаги энг йирик акцияда Минскнинг 200 минг аҳолиси қатнашганди). Намойишчилар Мустақиллик майдонида йиғила бошлашди, кейин «Минск — қаҳрамон-шаҳар» ёдгорлиги томон юришди. Мемориал тиканли симлар ортида жойлашган ҳарбий хизматчилар билан ўраб олинганди: Беларусь мудофаа вазири Виктор Хренин армия Иккинчи жаҳон уруши қурбонлари хотираси учун ўрнатилган ёдгорликни қўриқлашини маълум қилганди. Акциянинг айрим иштирокчилари солдатларга яқин келишди, аммо Виктор Бабариконинг штаби вакили Мария Колесникова ва Светлана Тихановскаянинг ишончли вакили Ольга Ковалькова улардан ортга қайтишни сўрашди.

Намойишчилар қаршисида мухолифатчиларнинг мувофиқлаштириш кенгаши аъзолари чиқиш қилишди. Улар Беларусь парламентининг қуйи палатаси ва маҳаллий кенгашларнинг мамлакатда рўй бераётган воқеаларга муносабат билдирмаган депутатларининг барчасининг муддатини тугатиш, шунингдек, референдум орқали 1994 йилги конституцияни қайтариш (унга кўра президентлик муҳлати чекланади) режалари ҳақида маълум қилишди.

Намойишчиларнинг бир қисми Мустақиллик саройига — Александр Лукашенконинг ишчи қароргоҳига етиб боришди. Телеграмдаги Nexta канали уларни шунга чорлади. Аммо қароргоҳ томон яқинлашган бир неча минг киши ИИВ ходимлари ва махсус техникалардан иборат ҳалқа томонидан тўхтатилди. Намойишчилар ва ҳарбийлар ўртасида мусиқачилар қўшиқ айтишди, намойишчилар уларга жўр бўлишди. Бу вақтда Минскда интернет фаолиятида муаммолар кузатила бошлади (A1 оператори буни «давлат органларининг миллий хавфсизликни таъминлаш» билан боғлиқ талаби сифатида изоҳлади). Тахминан бир соат вақт ўтиб намойишчилар шаҳар марказига қайтишди ва кейин аста-секинлик билан тарқала бошлашди. Шундан сўнг қароргоҳ атрофидаги ҳалқа ҳам ечилди, намойишчиларни қўлга олиш ҳолатлари кузатилмади.


















