Физика институти олимлари қуёш коллекторининг иссиқлик қабул қилувчи панелини тайёрлаш усулини ишлаб чиқди
Ушбу усул қуёш энергияси воситасида сув иситиш ва фуқаролик, саноат бинолари ҳамда коммунал-маиший объектларининг иссиқлик таъминотида фойдаланишга мўлжалланган.
Фанлар академияси Физика-техника институти олимлари томонидан қуёш коллекторининг иссиқлик қабул қилувчи панелини тайёрлаш усули ишлаб чиқилди.
ФА хабарига кўра, ушбу усул гелиотехника, қуёш энергияси воситасида сув иситиш ва фуқаролик, саноат бинолари ҳамда коммунал-маиший объектларининг иссиқлик таъминотида фойдаланишга мўлжалланган.
Иссиқлик қабул қилувчи элемент иссиқлик ташувчи учун иссиқлик тарқатадиган гидравлик каналлар ҳамда қиздирилган материални шакл ҳосил қилувчи матрица орқали босиб чиқариш йўли билан бутун профиль кўринишидаги битта материалдан қилинган қирраларда жойлаштирилган қулфлар билан тайёрланади.
Шакл ҳосил қилувчи матрицанинг чиқариш тирқиши иссиқлик қабул қилувчи элемент юзасини тарам-тарам чизиқли қилиб ясаш имконияти билан бажарилади ва кўндаланг кесимда чўзинчоқ эллипслар шаклидаги иссиқлик тарқатадиган каналларга эга қутисимон шаклдаги кассета кўринишидаги иссиқлик қабул қилувчи элемент ҳосил қилиб, чўзинчоқ эллипс шаклидаги кўндаланг кесимли стержень-бўртиклар билан ёпиб қўйилади. Шундан кейин иссиқлик қабул қилувчи элемент устига электр кимёвий анодлаш усули билан алюминий оксидидан селектив қоплама суртилади ва қулфлар воситасида иссиқлик қабул қилувчи элементларни бир-бирига бир текисликда кетма-кет бириктириш билан иссиқлик қабул қилувчи панель йиғилади.
Иссиқлик узатиш каналлари бир текис иссиқлик қабул қилиш панелининг бутун кесишмасида тенг равишда тақсимланиб, иссиқлик алмашинуви юзасини таъминлайди. Панель экструзия қурилмасида экструзия усули орқали қаттиқ металл профилдан (алюминий қотишмасидан) тайёрланади, бу ерда 500 даражагача қиздирилган алюминий қотишма 100 дан 2000 тоннагача ташқи кучлар ва унга таъсир қилувчи ҳарорат таъсирида пластик деформацияланадиган шакллантирувчи матрица орқали сиқилади.
Ушбу ишланма оддийлиги, катта иссиқлик алмашинуви юзаси бўлган текис иссиқлик алмашиниш панелининг юқори самарадорлиги, нисбатан арзонлиги билан афзалдир.
Экструзия ёрдамида модернизация қилинган ясси нурни ютувчи панели пайвандлашсиз, чокларсиз бўлиб, юқори чидамлилик таъминланади.