Ўзбекистон | 17:06 / 27.08.2020
11380
4 дақиқада ўқилади

Андижонда янги олий таълим муассасаси ташкил этилди

Андижон вилояти ҳокимлигига институт фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида жалб этиладиган малакали профессор-ўқитувчиларни хизмат уйлари билан таъминлаш вазифаси юклатилди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 26 августдаги 516-сон қарори билан Андижон иқтисодиёт ва қурилиш институти ташкил этилди.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш Давлат инспекцияси хабарига кўра, мазкур олий таълим муассасасининг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланди:

ҳудуднинг ривожланиш истиқболлари ва устувор вазифаларини ҳисобга олган холда иқтисодиёт ва қурилиш соҳаси бўйича амалий кўникмаларга эга бўлган, рақобатбардош олий маълумотли мутахассислар ва илмий-педагогик кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш;

хорижий етакчи ва нуфузли олий таълим муассасаларининг илғор тажрибасини татбиқ этиш асосида малака талаблари, ўқув режалари ва фан дастурларини ишлаб чиқиш, ўқув ва илмий-услубий таъминотни такомиллаштириш ва амалиётга жорий этиш;

ўқув жараёнида назарий тайёргарликнинг амалиёт билан узвий боғлиқлигини таъминлаш мақсадида иқтисодиёт ва қурилиш соҳасидаги ташкилотлар билан биргаликда талабалар амалиётини тегишли соҳа ташкилотларида ташкил этиш, битирувчиларни иш билан таъминлаш бўйича мақсадли ҳамкорликни йўлга қўйиш;

амалий илмий-тадқиқот ишларини рўёбга чиқариш учун замонавий ўқув ва илмий-лаборатория базасини шакллантириш, уни замонавий технологиялар асосида жиҳозлаш хамда ўқув ва илмий лойиҳаларни амалга ошириш;

иқтисодиёт ва қурилиш соҳасини ривожлантиришнинг илмий-методик вазифаларини ҳал этиш, хорижий илғор педагогик технологияларни жорий қилишга йўналтирилган илмий тадқиқотлар олиб бориш ва иқтидорли талаба- ёшларнинг илмий фаолият билан шуғулланишини таъминлаш;

ёшларни миллий, ватанпарварлик ва фидойилик ғояларига садоқат руҳида, маънавий бой, хар томонлама камол топган, мустақил дунёқараш ва фикрлаш хусусиятларига эга бўлган шахс этиб тарбиялаш;

хорижий етакчи олий таълим муассасаларининг малакали мутахассисларини кенг жалб этиш орқали республика учун истиқболли бўлган янги бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича қўшма таълим дастурларини йўлга қўйиш ҳамда халқаро лойиҳаларни амалга ошириш.

Белгиланишича:

Институт Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тизимида фаолият юритади;

Институтда таълим фаолияти 2020/2021 ўқув йилидан бошланади;

2020/2021 ўқув йили учун Институтга кундузги таълим шакли бўйича қабул кўрсаткичлари Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат комиссияси қарорига мувофиқ тасдиқланади;

2021/2022 ўқув йилидан бошлаб Институтга қабул параметрлари белгиланган тартибда ҳар йили тасдиқланадиган республика олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрларидан келиб чиққан ҳолда белгиланади.

Андижон вилояти ҳокимлигига Институт фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида жалб этиладиган малакали профессор-ўқитувчиларни хизмат уйлари билан таъминлаш вазифаси юклатилди.

Андижон вилояти, Андижон шаҳри, Навоий шоҳкўчаси, 15а -уйда жойлашган Ўзбекистон Миллий университети ҳузуридаги техникум (собиқ Андижон маиший хизмат касб-ҳунар коллежи) бино ва иншоотлари (мавжуд жиҳоз ва мебеллари билан) тегишли ҳудуди билан биргаликда Институтга оператив бошқарув ҳуқуқи асосида берилмоқда.

Мавзуга оид