Сўнгги кунларда ўзбек футболи айвонидаги асосий воқеа «Андижон» футбол клубининг молиявий муаммолар гирдобига тушиб қолгани бўлди. Ҳали мавсумнинг ярми ҳам ўтмай, Суперлига клубининг бундай аҳволга тушиб қолишига нима сабаб бўлди? Устига-устак «Андижон» Суперлига-2020 йилги мавсумида ҳали ғалаба нималигини билмаган ягона клуб бўлиб турибди. Kun.uz ва Tribuna.uz мухбирлари 27 август, пайшанба куни ПФЛ бош директори вазифасини бажарувчи Диёр Имомхўжаев билан суҳбатлашиб, «Андижон» клуби ва жамоанинг Суперлигадаги иштирокига доир вазиятга ойдинлик киритишди.

 Маълум бўлишича, «Андижон» фубол клубини инқирозли ҳолатга келиши Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси томонидан анчадан бери тахмин қилинган. Чунки Андижон вилоятининг бош жамоаси нафақат футболчи ва мураббийлар олдида, балки меҳмонхоналар, озиқ-овқат билан таъминловчи ташкилотлар олдида ҳам қарздорлиги бўлган. Бу нарса қачондир охирига етиб келиши керак эди ва ҳозирга келиб юзага чиқди.

«Бу нарса бир кун келиб ёрилиши керак эди»

 - Диёр, «Андижон» атрофидаги муаммолар қачон бошланган? Йил бошида ПФЛга молиявий кафолат ҳақида ҳужжат топширилганмиди?

- Мен 2,5 йилдан буён ПФЛда ишлаётган бўлсам, «Андижон» клуби ҳар йили қарздан-қарзга етиб келадиган клуб. Бу нарса бир кун келиб ёрилиши керак эди. Менимча, клуб учун ўша кунлар етиб келди. Клубдаги вазиятдан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, бу анчадан буён кутилган нарса. Қачондир бунинг якуни бўлиши керак эди.

 «GM-Uzbekistan» автомобил заводининг «Андижон»га пул беришга мажбурияти йўқ»

 - Куни кеча «Андижон» футбол клуби муаммолари бўйича Андижонда бўлиб қайтдингиз. Мутасадди раҳбар ёки ҳомийлар билан учрашув қандай якунланди?

- Тўғри тушуниш керак, ҳозирда ғалати тенденция кетяптики, футбол фанатлари ўзлари билмаган нарсани президентга мурожаат ёки бошқа йўллар билан олиб чиқиб, баъзи бир клуб раҳбарлари шу фан-клуб орқасига яширинаётгандек таассурот уйғотяпти. Аслида бу тўғри эмас. Чунки Ўзбекистон президентининг 2017 йилда Токио-2020 Олимпиадасига футболчи ва бошқа спортчиларни тайёрлаш бўйича қарори чиққан. Шуни 6-иловасида футбол клубига ҳомийлар бириктириб берилган. Унга кўра, «GM-Uzbekistan» автомобил заводи Андижонга бириктирилган.