Испания миллий жамоаси ҳамда Мадриднинг «Реал» клуби афсонаси Фернандо Йерро Kun.uz ҳамда El Golazo лойиҳаси доирасида эксклюзив интервью берди. Испаниялик машҳур собиқ ҳимоячи суҳбат давомида «Реал»даги ажойиб фаолияти, АПЛда ўтказган мавсуми, Испания миллий жамоасида ЖЧ-2018даги муваффақиятсизлиги сабаби, Ла Лига клубининг Ўзбекистонда ўртоқлик ўйини ўтказиши имконияти, Ўзбекистон миллий жамоаси таклифини нега рад этгани ва яна бир қатор қизиқарли саволларга жавоб берди. Суҳбат El Golazo лойиҳаси раҳбари Зокир Холиқов ҳамда дастур халқаро ҳамкори Анхел Лопес ёрдамида уюштирилди.

 «Энг ноқулай рақиб – Роналдо эди»

 - Фернандо, суҳбатимизни футболчилик фаолиятингиз ҳақидаги савол билан бошласак. Сиз қарши ўйнаган энг ноқулай рақиб ким бўлган?

- Авваламбор, дастурингизда иштирок этишдан мамнунман. Қайсидир футболчини кўрсатиш доим қийин бўлган. Чунки 14 йил давомида Мадриднинг «Реал» клуби сафида Ла Лига, Чемпионлар лигаси ҳамда Испания миллий жамоасида жуда кўп кучли рақибларга қарши ўйнаганман. Ундан ташқари, «Реал» таркибида буюк футболчилар билан машғулотлар давомида тўқнаш келганмиз. Масалан, Роберто Карлос, Сальгадо, Касильяс, Эльгера, Зидан, Фиго, Макелеле, Рауль, Роналдо ва бошқалар. Рақиб сифатида битта футболчини алоҳида ажратиб кўрсатиш қийин бўлса-да, бразилиялик Роналдо энг ноқулай рақиб бўлган, дея оламан.

 - Сизни узоқ вақт майдонда иккита позиция - марказий ҳимоя ва яримҳимоячи сифатида кўрганмиз. Ўзингизга қайси позицияда ўйнаш кўпроқ ёққан?

- Қизиқарли савол. Мураббий сифатида агар қўл остингдаги футболчи кўп позицияларда ўйнай олишини сезсанг, албатта ўзинг учун қулай бўлган позицияда ўйнатишга ҳаракат қиласан. 21 ёшимгача «Вальядолид»да ҳужумкор яримҳимоячи позициясида ўйнаганман. Аммо кейинчалик мураббийларим иқтидоримни марказий ҳимоячи амплуасида кўришган ва уларнинг кўрсатмаларига биноан «Реал» ва Испанияда марказий ҳимояда ўйнагандим. Аммо шахсан ўзимга майдон марказида тўп суриш кўпроқ ёқарди. Кейинчалик ўзим ҳам жамоамга марказий ҳимоячи сифатида кўпроқ фойдам тегишини ҳис этдим ва бунга кўникдим.

 «Перес Мадридга келмагунча, «Реал»нинг халқаро миқёсда машҳур эмасди»