Жамият | 12:16 / 29.08.2020
3348
2 дақиқада ўқилади

Танқидга жавоб: Яккабоғдаги қишлоқда электр энергияси билан боғлиқ муаммолар бартараф этилади

Kun.uz сайтида «Ҳадемай яна совуқ кунлар бошланади, биз дардимизни кимга айтайлик?» – Яккабоғдаги қишлоқ муаммолари» сарлавҳали мақола эълон қилинган эди.

Мақолада Қашқадарё вилояти Яккабоғ тумани Хонимқўрғон қишлоғида электр трансформаторининг эскилиги ва бир неча қишлоқ аҳли учун хизмат қилаётгани, аҳоли ўзи ўрнатган электр симёғочлари нобоплиги, ундаги симлар минг бир жойдан уланиб кетганлиги қайд қилинган.

“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан бу ҳолат атрофлича ўрганиб чиқилиб, Хонимқўрғон қишлоғи аҳолиси электр таъминотини яхшилаш борасидаги ишларни амалга ошириш бўйича тегишли чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.

Қайд этиш жоизки, Ўзбекистон президентнинг 2016 йил 23 ноябрдаги “2017-2021 йилларда паст кучланишли электр тармоқларини янада модернизация қилиш ва янгилаш дастури тўғрисида”ги ПҚ–2661-сонли қарорига асосан, бу борадаги ишларни бажариш 2020 йилнинг 4-чорак режасига киритилган эди. Айни пайтда истеъмолчиларнинг мурожаатини инобатга олган ҳолда, Хонимқўрғонда мавжуд симёғочлар ўрнига янги темир-бетон устунлари ўрнатиш ишлари бошлаб юборилди.

Бундан ташқари, қишлоқдаги мавжуд трансформатор пункти капитал таъмирланиб, ҳудудда қўшимча равишда қуввати 100 кВА бўлган янги замонавий трансформатор пункти ўрнатиш режалаштирилди. Ҳозирги кунда электр тармоқлари қурилиш-монтаж ишлари давом этмоқда.

Бу борадаги ишларни тез фурсатларда бажариш мақсадида “Қашқадарё ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг махсус техникалари ҳамда тезкор бригада ишчи-ходимлари жалб этилди, дея мақолага муносабат билдирди “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ матбуот хизмати.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид