Ўзбекистон | 12:24 / 29.08.2020
3971
2 дақиқада ўқилади

Тошкентдаги бир қатор университет ва институтларда инкубацион марказлар очилади

IT Парк қўллаб-қувватлови билан Тошкентдаги бир қатор университет ва институтларда ўз инновацион лойиҳасини яратиш ва уларни ривожлантириш мақсадида бўлган талабалар учун инкубацион марказлари очилиши режалаштирилган.

Олий ўқув юртлари қошида инкубацион марказларини очишдан асосий мақсад — бу иқтидорли ёшлар орасида яратилаётган инновацион марказлар сони ва сифатини ошириш. Ўз навбатида, инкубацион марказ асл илмий-техник ғояларни амалга татбиқ этиш, кичик инновацион лойиҳалар бўйича фаолиятини самарали юритиши учун талабаларга зарур шарт-шароитлар яратади.

Яқинда 9 та ОТМ вакили IT Парк томонидан олий ўқув юртлари қошида очилган инкубацион марказлари координаторларини ўқитишнинг дастлабки оқимида иштирок этишди:

  1. Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети
  2. Тошкент шаҳридаги Амити университети
  3. Тошкент шаҳридаги Турин Политехника университети
  4. Тошкентдаги халқаро Вестминстер университети
  5. Тошкентдаги Сингапур менежментни ривожлантириш институти
  6. Тошкент шаҳридаги Г.В.Плеханов номидаги РИУ филиали
  7. Тошкент давлат иқтисодиёт университети
  8. Тошкент молия институти
  9. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети.

Ўқув жараёнида координаторлар инкубация ва акцелерация дастурлари, турли стартап тадбирларини тўғри ташкил этиш ва юритиш, марказ биноси ва манбаларини тўғри мувофиқлаштириш, стартаплар базаси билан ишлаш, стартап лойиҳалари бўйича кўрсатмалар бериш, IT инструментларидан фойдаланиш ва бошқалар бўйича таҳсил олишди.

Инкубацион марказларнинг узоқ муддатли мақсадлари ва вазифалари қуйидагилардан иборат:

  • мамлакат иқтисодиётини ривожлантириш;
  • Ўзбекистонда юқори инновацион технологияларни ривожлантириш;
  • инновацион йўналишдаги кичик бизнесни ривожлантириш, талабаларга лойиҳалар бўйича фаолият юритиши учун қулай шарт-шароитларни таъминлаш;
  • талабалар ва тажрибали мутахассислар ўртасидаги ўзаро муносабатни йўлга қўйиш;
  • янги иш ўринлари яратиш.

Инкубацион марказ талабаларга инновацион дастурлашни ғоядан то ишлаб чиқариш ва илк муваффақиятли сотишгача бўлган жараённи тижорийлаштиришга мўлжалланган.

Тез кунларда олий ўқув юртлари жамият учун фойдали ва қизиқарли бўлган инновацион лойиҳалар кўринишида ўз натижасини берадиган дастлабки талабалар инкубацион марказлари ишга тушади. илк дастурлар онлайн тартибда ўтказилиши кўзда тутилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш