Ўзбекистон | 07:50 / 01.09.2020
4053
2 дақиқада ўқилади

Саудия Арабистони қуролли кучлари қўмондони коррупцияда гумон қилиниб истеъфога чиқарилди

Саудия Арабистони подшоҳи Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд коррупцияга қарши курашиш доирасида ўз фармони билан мамлакат бирлашган қуролли кучлари қўмондони Фаҳд бин Турки Ол Саудни истеъфога чиқарди. Бу ҳақда SPA ахборот агентлиги хабар берди. 

Подшоҳнинг шу фармони билан бош штаб бошлиғи ўринбосари Мутлақ бин Салим Ол Азим янги қўмондон этиб тайинланган.

Истеъфога чиқарилган қўмондонга нисбатан коррупцияга алоқадорлиги бўйича тергов бошланган.

Фармонда таъкидланишича, подшоҳликнинг Коррупцияни назорат қилиш ва унга қарши курашиш комиссияси (Назаҳ) коррупцияда гумон қилинган ҳарбийлар ва фуқаро шахсларига нисбатан терговни давом эттиради ва тегишли ҳуқуқий чоралар кўради.

Март ойида Саудия Арабистонида 298 киши коррупция, пул ювиш ва ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш гумони билан ҳибсга олинган эди. Улар орасида мудофаа, ички ишлар, соғлиқни сақлаш ва таълим вазирликлари, Ар-Риёддаги университетлардан бирининг мансабдор шахслари бўлган.  

Саудия Арабистонида коррупцияга қарши курашиш комиссияси – Назаҳ 2011 йилда ташкил этилган. У олиб борган энг шов-шувли ишлардан бири 2017 йилда 11 шаҳзода ва 30 дан кўпроқ бизнесменнинг ҳибсга олиниши бўлган. Ҳибсга олинганлардан аксарияти Ар-Риёднинг энг ҳашаматли меҳмонхонаси Ritz-Carlton’да деярли 100 кун ҳибсда ушлаб турилган ва давлатга зарарни қоплашга рози бўлгач, қўйиб юборилган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид