Амалий ҳаракатлар режасининг асосий мақсад ва вазифаларида кўрсатилишича, келгуси даврнинг асосий чекловлари ва таҳдидлари қуйидагилар ҳисобланади:

1. Маҳаллий маҳсулотлар ва хизматлар ишлаб чиқарилишининг чекланиши. Бунинг олдини олиш учун карантин даврида хўжалик фаолиятини вақтинча тўхтатиб туриш туфайли молиявий қийинчиликларга дуч келганларга алоҳида эътибор бериб, корхоналарнинг хўжалик фаолиятини тезроқ тиклаш зарур. Муаммони ҳал этиш иқтисодиётга молиявий маблағларни, шу жумладан, инвестиция ссудалари бўйича қарзларни узайтириш ва айланма маблағлар сифатида ”тез пуллар”ни ажратишни талаб қилади.

2. Аҳоли даромадларининг пасайиши, ишлаб чиқариш занжиридаги узилишлар туфайли ички талабнинг чекланиши. Муаммонинг ечими корхоналарнинг ишлаб чиқариш фаолиятини тиклаш, янги иш ўринлари яратиш ва тиклаш, кейин эса аҳоли даромадларининг ўсиши билан боғлик ҳисобланади.

3. Карантин чораларини либераллаштириш ва коронавирус инфекциясининг тарқалиш даражаси юқори бўлган мамлакатлардан одамларнинг кўчиб ўтишига йўл қўймаслик учун ташқи чегараларнинг ёпилиши билан коронавирус инфекциясининг аҳоли орасида тарқалиши хавфи. Муаммонинг ечими маълум санитария-гигиена меъёрлари ва чекловларининг сақланишида (айниқса, оммавий тадбирлар пайтида, мамлакат ташқарисидан кирганда ва ҳоказо) ва беморларга зарур тиббий ёрдамни кенгайтиришда намоён бўлади. Коронавируснинг сайёрада тарқалишининг давом этишини ҳисобга олиб, ягона усул - бу ўз вақтида ташхис қўйиш ва самарали даволанишни ўрганиш ҳисобланади.

4. Бюджет тақчиллигининг ошиши ва ташқи давлат қарзининг ўсиши, макроиқтисодий барқарорлик хавфларининг намоён бўлиши. Жаҳон ишлаб чиқаришининг кескин пасайиши ва глобал иқтисодий тикланиш истиқболлари тўғрисида ноаниқликнинг юқори даражаси кўплаб давлатларни иқтисодиётда аҳолини ва ялпи талабни қўллаб-қувватлаш учун бюджет харажатларини (шу жумладан, ташқи қарз маблағлари ҳисобига) кўпайтиришга мажбур қилмоқда.

Ташқи қарзнинг ўсишини олдини олиш учун асос яратиш, хусусий ва тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар учун шароитни яхшилаш қисқа ҳамда узоқ истиқболда инқироздан кейинги тикланиш иқтисодиёт барқарор ривожланишининг асосий шартлари ҳисобланади.

Бу, ўз навбатида, иқтисодиётни либераллаштириш (жумладан, энергия ресурслари бозори) соҳасида бошланган ислоҳотларни изчил давом эттириш, рақобат муҳитини ривожлантириш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш ва иқтисодиётда давлат секторининг улушини камайтиришни талаб қилади ва ўpтa муддатли истиқболда хорижий инвестицияларнинг барқарор ўсишига ёрдам беради.

5. Жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози шароитида потенциал инвесторларнинг молиявий аҳволи ёмонлашиши натижасида юзага келадиган инвестицияларга, айниқса, ташқи сармояларга чекловлар. Ҳозирги вазиятда маҳаллий инвесторларга хорижий инвесторлар билан тенг инвестиция шароитларини яратиб, маҳаллий сармоядорлар учун рағбатлантириш ва инвестиция имкониятларини кучайтиришни талаб қилади.