Иқтисодиёт | 15:28 / 07.09.2020
10883
2 дақиқада ўқилади

Давлат ташқи қарзи нималарга сарфланаётгани маълум қилинди

2020 йил 1 июль ҳолатига кўра Ўзбекистоннинг ташқи қарз қолдиғи 17,3 млрд долларни ташкил қилмоқда.

Молия вазири ўринбосари Одилбек Исоқов Ўзбекистоннинг ташқи қарзлари сарфланаётган асосий йўналишларни санаб ўтди.

«1 июль ҳолатига кўра, ташқи қарз қолдиғи 17,3 млрд долларни ташкил этмоқда. Қарзнинг ошиб кетаётганидан хавотирга тушаётган ҳамюртларимиз учун айтишим мумкинки, бу кредитларнинг аксарияти халқнинг ҳаётини яхшилаш мақсадида сарфланяпти.

Хусусан, ташқи қарздан 5,1 млрд доллар энергетика, 1,9 млрд қишлоқ хўжалиги лойиҳаларига, сув ва канализация тармоқлари учун 2,2 млрд доллар йўналтирилган.

Бюджетни қўллаб-қувватлаш учун 2,4 млрд доллар ажратилган», дея вазир ўринбосарининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Одилбек Исоқов бюджет дефицити бўлиши табиий ҳолат ҳисобланишини таъкидлади.

«Молиялаштириладиган лойиҳалардан ташқари ҳам бюджет дефицити бор. Бюджет дефицити бўлиши табиий. Бюджетни профицитда ушлаб туриш ҳам мумкин. Аммо бунда одамларга, лойиҳаларга пул етиб бормайди.

Пандемия туфайли бюджет дефицити юқори бўлди, кейинги йилларда буни камайтириш керак бўлади. Камайтиришга эса бюджет тушумларини кўпайтириш, яширин иқтисодиётга қарши кураш орқали эришилади», деди вазир ўринбосари АОКАдаги матбуот анжуманида.

Мавзуга оид