Таҳририятимизга Тошкент шаҳрининг деярли марказида қурилиш ишлари олиб бораётган қўшма корхонадан мурожаат келиб тушди. Ўзбекистон, Буюк Британия, БАА ва Қозоғистон тадбиркорлари томонидан ташкил этилган «Regent Corp» ҚК раҳбари Илёсхон Азизовнинг билдиришича, зудлик билан Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан ўрталаридаги англашилмовчиликка барҳам бериш зарур, акс ҳолда бир неча миллиард сўмлик инвестиция лойиҳаси барбод бўлиши мумкин.

Илёсхон Азизов

 

Гап шундаки, Тошкент шаҳар ҳокимининг 2019 йил 12 февралдаги «Regent Corp МЧЖга ер участкасини захиралаш ва инвестиция шартномасида кўрсатилган талабларни бажариш ҳақида»ги 213-сонли қарорини бекор қилиш тўғрисида 2020 йил 7 июль кунги 628-сон қарори қабул қилинган. Унда Тошкент шаҳар Инвестициялар ва ташқи савдо масалалари бўйича ўринбосари мажмуасининг 2020 йил 1 июлдаги 06-519, 06-521-сонли мурожаатлари, Қурилиш бош бошқармасининг 2020 йил 30 июндаги 19-2/206-сонли билдиргиси ва далолатномасини инобатга олиб, 213-сонли қарор бекор қилиниши маълум қилинган. Қарор матнидан, шунингдек Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва «Regent Corp» МЧЖ ўртасида тузилган «Инвесторнинг ижтимоий мажбуриятлари тўғрисидаги 2019 йил 29 январдаги шартномани бекор қилиш бўйича келишув ҳам мавжудлиги англашилади.