Ўтган бир ҳафта давомида - 3 сентябрдан 8 сентябргача Европада миллий жамоалар иштирокидаги УЕФА Миллатлар лигасининг 1-2-тур учрашувлари ўтказилди. Ўтган 54та ўйин атрофи ва якунларига кўра, Tribuna.uz ҳафтанинг энг муҳим 7 воқеасини саралади.
Серхио Рамос — энг яхши тўпурар ҳимоячи
УЕФА Миллатлар лигаси 2-туридан кейин Испания миллий жамоаси ҳимоячиси Серхио Рамос голлари сони бўйича миллий жамоалар ҳимоячилари орасида энг яхши тўпурарга айланди.
Рамос турнирнинг 2-тури доирасидаги Испания - Украина (4:0) учрашувида дублга эришди. Натижада Серхионинг Испания миллий жамоаси сафидаги голлари сони 23тага етди ва у бу борада аргентиналик собиқ ҳимоячи Даниэль Пассареллани (22та гол) ортда қолдириб, тўпурар ҳимоячилар орасида 1-ўринга чиқиб олди.
Испания миллий жамоаси А лига 4-гуруҳида 2-турдан кейин 4 очко билан пешқадамга айланди. Испанлар Германия билан дуранг қайд этган бўлишса (1:1), украиналикларни йирик ҳисобда (4:0) мағлуб этишди.
ЖЧ-2018 финали такрорланган ўйинда Гризманн Зиданга етиб олди

Сешанба оқшомида ўтказилган мусобақанинг 2-тури доирасидаги Франция – Хорватия ўйинида 2018 йилги жаҳон чемпионати сценарийси такрорланди.
Москвадаги ўйин сингари «Стад де Франс»да ўтган баҳсда ҳам 4:2 ҳисоби қайд этилиб, Дидье Дешам қўл остидаги францияликлар устун келишди. Икки йил аввалги финалда бўлгани каби бу сафар ҳам французлар ҳужумчиси Антуан Гризманн Хорватия жамоаси дарвозасини ишғол этди.
⚠️ PLAYER WATCH ⚠️
— BarcaBuzz (@Barca_Buzz) September 8, 2020
⚽️ Griezmann scores the equalizer against Croatia to make it 1-1❗️
👑 Antoine Griezmann becomes the 5th highest all time goal scorer for France 🇫🇷 #FCB #FRACRO #UEFANationsLeaguepic.twitter.com/2C4dcpcBfh
«Барселона» форвардининг ушбу голи унинг Франция миллий жамоаси сафидаги 31-голи сифатида қайд этилди. Натижада Антуан миллий жамоа тарихидаги голлари сони бўйича 5-ўринга чиқиб олиб, бу борада афсонавий яримҳимоячи Зинеддин Зиданга етиб олди. Франция миллий жамоаси сафидаги энг яхши тўпурар Тьерри Анри саналади. Унинг ҳисобида 51та гол мавжуд.

















