Жаҳон | 16:00 / 10.09.2020
9250
3 дақиқада ўқилади

Помпео «россиялик юқори мартабали шахслар» Навальнийнинг заҳарланишига алоқадорлиги ҳақида гапирди

АҚШ давлат котиби Майк Помпео россиялик сиёсатчи Алексей Навальнийнинг заҳарланиши Москвадаги юқори мартабали амалдорлар томонидан буюртма қилингани эҳтимоли юқори деб ҳисоблайди. У бу ҳақда журналист Бену Шапирога берган радиоинтервьюсида гапирган. Помпеонинг сўзлари АҚШ Давлат департаменти сайтида келтирилган.

Давлат котиби АҚШ бу ишга алоқадорларнинг аниқланиши учун бор имкониятдан фойдаланишини таъкидлаган.

«Мен ўйлайманки, бутун дунёдаги одамлар бу ишни борича кўришади. Диссидентни заҳарлашга уриниш ортида россиялик юқори мартабали расмий шахслар тургани эҳтимоли катта.

Биз бу иш такрорланмаслиги учун ўзимизга боғлиқ бўлган барча ишни қиламиз. Ўйлайманки, нормал давлатда бундай ишлашмайди. Бу рус халқига қимматга тушиши мумкин. Мен бу Россия учун ёмон деб ҳисоблайман.

Одамлар буни кўришади ва бу кучли, муҳим ва халқаро саҳнада ўз сўзига эга бўлишни истайдиган давлат эмаслигини айтишади. Улар кучли давлатлар бундай иш билан шуғулланмаслигини айтишади. Бунинг ўрнига улар эркинлик ва демократия ғояларини илгариш суришлари керак. Мен ўйлайманки, бундай ҳолатлар мамлакат нуфузига ҳақиқий қора доғ бўлиб тушади», деган у.

Унинг сўзларига кўра, АҚШ Россиядан бу ишда айбдорларни топиб жазолашни сўрайди. «Биз ҳам бу ишга ким жавобгар эканини аниқлаш учун ўзимизга боғлиқ барча ишни қиламиз», дея қўшимча қилган АҚШ давлат котиби.

  • Алексей Навальный 20 август куни комага тушиб қолганди. Дастлабки икки кунни у Омскдаги шифохонада ўтказди, кейин уни Германиядаги клиникага олиб кетишди. 2 сентябрь куни немис шифокорлари таҳлил натижалари Навальнийнинг организмида «Новичок» гуруҳига мансуб заҳар излари борлигини кўрсатаётганини маълум қилишди.
  • Москвадагилар Навальнийнинг заҳарланишига алоқаси йўқлигини таъкидлаб келишмоқда. Омскдаги шифокорлар эса сиёсатчининг организмида заҳарли модда бўлмаганини айтишда давом этишмоқда.
  • 9 сентябрь куни Германиядаги Die Zeit нашри ўз манбасига асосланиб, Навальний янги, «Новичок» гуруҳининг такомиллашган тури билан заҳарлангани, фақат тасодифлар занжири (учувчининг тезкор ҳаракати ва самолётни қўндириши, шифокорларнинг беморга жуда тез атропин дорисини юборгани шулар жумласидан.) туфайли омон қолгани ҳақида хабар тарқатди.
  • Маълум қилинишича, «Новичок»нинг бу варианти экспертларга маълум бўлмаган, у «Новичок» гуруҳидаги бошқа маълум заҳарлардан кўра «зарарли ва ажалвор» бўлган. Суиқасд уюштирганлар у самолётдаёқ жон беришини режалаштиришганди. Die Zeit нашрининг ҳисоблашича, бундай янги турдаги заҳар орқали амалиётни ўтказишга фақат Россия махсус хизматлари қодир.
Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид