Хизмат сафарларимизнинг навбатдагисида Навоий вилоятининг энг олис тумани – Учқудуқда, туманнинг олис овулларида бўлдик. Сафаримиз давомида овул одамларининг турмуш тарзи, урф-одатлари, орзу-армонлари билан қизиқдик.

Учқудуқ – вилоятнинг ҳудудий жиҳатдан энг йирик тумани. Туман асосан кончилик ва чорвачиликка ихтисослашган. Аҳолиси 37 минг, шундан 4,7 минг киши қишлоқ, яъни овулларда яшайди. Таққос учун айтиш мумкинки, 1,12 минг кв.км. ер майдонига эга Ургут туманида ярим миллион аҳоли яшайди. Учқудуқнинг умумий ер майдони эса 46,63 минг кв.км.ни ташкил қилади.

Бу фактни келтиришимизнинг боиси – Учқудуқда одамлар тиқилиб қолмаган, ер кўп. Ургут туманидан 46 баробар катта. Машҳур қизиқчининг таъбири билан айтганда, югуриб чарчагач, дўппини отиб, яна бир неча гектар ер ўлчаш ўша ёқларга тўғри келади. Ургутнинг даласида мол боқсангиз, сигирингнинг думи бизни чегарага ўтмасин, дейишади. У ёқда эса от ва туялар, қўй-қўзилар ихтиёрида – адоғи йўқ кенгликлар.

Бу ерда биров қурилиш қилай, деб ер талашмайди.

Нега Учқудуқ? Айтишларича, Буюк ипак йўлида жойлашган бу манзилда қадимдан учта қудуқ бўлган ва номланишига ҳам шу қудуқлар асос бўлган. Очиғини айтиш керак, бу манзилда қудуқ – ҳаётнинг ягона манбайи. Жой номлари ҳам шунга монанд: Мингбулоқ, Узунқудуқ, Қулқудуқ...

«Қулқудуқ»: ўзини, ўзлигини йўқотмай яшаётганлар овули

«Алтинтау» овул фуқаролар йиғини «Қулқудуқ» овулида бўлдик. Овулдагилар интернет нашрлар, хусусан Kun.uz деган сайтни жуда кам эшитишган. Қишлоқ аҳлининг ОАВга иши тушмайди: уларда, мисол учун, ер талашиш, уй бузиш, компенсация ололмаслик, деган муаммолар йўқ...

Дарвоқе, бу овулда жиноят ҳам бўлмайди. Бўлмасин ҳам. Ҳамма бир-бирини танийди. Ўғри ҳам йўқ. У ерларда ўлди-сўйдиларни эшитмайсиз. Чақалоқлар далага ташлаб кетилмайди, пулланмайди, болафурушлик йўқ. Орият бор, хотинини бўлди-бўлмадига «қўйиб юбормайди»...