Коронавирус пандемияси жуда кўп соҳаларда бўлгани каби таълим тизимида ҳам қотиб қолган стереотипларни парчалаб ташлади. "Бунинг иложи йўқ" дея қаршилик кўрсатилган кўп ишлар ўз-ўзидан амалга ошиб кетди.
Биргина онлайн ҳужжат қабул қилиш тизимини мисол келтириш мумкин. Бакалаврга ҳам, магистрга ҳам, коллеж-техникумлардан тортиб мактаб-лицейларга ҳам, ўқишни кўчириш-у иккинчи мутахассисликка ҳам онлайн ҳужжат қабул қилинди. Айрим камчиликларни айтмаса, ҳеч бир муаммо бўлгани ҳам йўқ.
Хўш, шундай экан, яна бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқиш пайти келмадимикин? Масалан, мен қуйидагиларни таклиф қиламан:
1. Мажбурий формани бекор қилиш. Пандемия пайтида ҳамма уйда ўқияпти ва талабалар уйида исталган кийимида юришибди. Бундан келиб чиқадики, кийим талабанинг билимига таъсир ўтказадиган фактор эмас. Оқ кўйлак, қора шим, галстук ва узун пайпоқ кийса, ақлли талаба ёки шуларни киймаса, аҳмоқ талабага айланиб қолмаслигини ўз кўзимиз билан кўрдик.
Эрталабдан эшикни тагида турволиб, галстуги йўқ ёки кўйлагининг ранги бошқача талабаларни тўхтатиб, тушунтириш хати олиб ўтирадиган «маънавият замдеканлар»нинг иши ҳам таълим сифатига бирор фойдаси тегмаслигини тушундик.
Бас, шундай экан, бутун олий таълим тизимида мажбурий формани бекор қилсак нима бўлади? Нима ўзгаради? Ҳеч нарса!
Албатта, мажбурий формани бекор қилиш деганда, айримлар дарров кўрпани ўзига тортиб, ваҳимани бошламасин. Талабалар ҳаддидан ошмаслиги учун кийимга қўйилган айрим чекловлар барибир сақланиб қолади, бу барча жойда бор. Аммо бу чеклов мантиқий ва кичик бўлади ва талабада эркинлик кўпроқ бўлиши керак.
2. Мажбурий давоматни бекор қилиш. Масофавий дарслар кўрсатиб турибдики, талаба жисмонан бирор дарсда бўлмаслиги жуда катта фожиа эмас. У мустақил ўзи ўрганиб, дарс материаллари билан танишиб, берилган мавзуни ўзлаштириши ҳам мумкин. Талабанинг бурнидан ип ўтказиб, аудиторияга мажбуран михлаб қўйиб, уни ўқитишга уриниш анчайин замондан орқада қолган методлардан эканлигини пандемия исботлаб қўйди. Аксинча, мустақил таълимга катта урғу бериш, ўқитувчилар асосан тўғри йўналишни кўрсатиши лозимлиги, яъни талабага муайяан муаммонинг тайёр ечимини айтиш эмас, балки ўша муаммони қандай қилиб ечиш йўлларини ўргатиш кераклигини тушуняпмиз.
Хўш, шундай экан, нима учун олий таълим тизимида мажбурий давомат тизимини бекор қилмаймиз? Анъанавий ўқишлар бошлангандан кейин, ким истаса дарсга келсин, истамаса онлайн ўзи мустақил ўқисин, лекин асосийси оралиқ ва якуний назоратларни топширишига кўзи етса бўлди, десак нима бўлади? Таълим тизимимиз барбод бўладими? Ёки бирор фожиа рўй берадими? Ҳеч нарса бўл-май-ди!!! Бу ҳаммаси қуруқ гап, қуруқ сафсата.










