Ўзбекистон | 13:34 / 13.09.2020
6920
2 дақиқада ўқилади

Дори воситаларининг ноқонуний савдосига чек қўйилди

Тошкент ва Сирдарё вилоятларида дори воситаларини ноқонуний равишда чегарадан ўтказишга уриниш ҳолатлари тўхтатилди.

Видеодан кадр

Бекобод тумани ҳудудида 640 млн сўмлик 4000 дона «Меропенем» дори воситасини Тожикистон ҳудудидан Ўзбекистон ҳудудига олиб киришга уринган «Нексия» русумли автомашина аниқланди. Бу ҳақда ДХХ Чегара қўшинлари матбуот хизмати хабар берган.

«ДХХ Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчиларининг Давлат божхона қўмитасининг Тошкент вилояти бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда Бекобод тумани ҳудудида ўтказган тезкор тадбири давомида маҳаллий фуқаро Ғофуров бошқарувидаги «Нексия» русумли автомашина тўхтатилиб, текширилди. Натижада, унинг салон қисмида 640 млн сўмлик 4000 дона «Меропенем» дори воситаси борлиги маълум бўлди», дейилади маълумотда.

Дастлабки суриштирув ҳаракатлари давомида аниқланишича, тожикистонлик Шуҳрат исмли шахсга тегишли бўлган мазкур дори воситалари айланма йўллар орқали Ўзбекистонга олиб ўтилган бўлиб, Ғофуров уларни келгусида сотиш учун Шуҳратнинг Тошкент шаҳридаги танишларига етказиб бериши режалаштирилган. 

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, шу каби қонун бузилиш ҳолати Сирдарё вилоятида ҳам аниқланди. Хусусан, маҳаллий фуқаролар Мамаев ҳамда Қўчқоров давлат чегарасининг Сирдарё тумани «Оқ йўл» МФЙ ҳудудидан ўтувчи қисмидан Қозоғистон Республикасига тиббий буюмлар ва дори воситаларини яширин равишда ўтказишга уринганида ДХХ Сирдарё вилояти бошқармаси ва Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари томонидан ушланган.

Ушбу шахслардан қарийб 75 млн сўмлик «Тивортин», «Дексаметозон» дори препаратлари ва бошқа тиббий воситалар ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинди. 

Ҳозирда ушбу ҳолат бўйича дастлабки терговолди суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид