Лойиҳа раҳбари Мубашшир Aҳмадга кўра, “Катта фиқҳ энциклопедияси” замонавий даврдаги энг йирик фиқҳий энциклопедия бўлиб, у ҳижрий ўн учинчи асрга қадар ислом ҳуқуқшунослиги меросининг замонавий ва ҳужжатлаштирилган шаклидир. Ҳозирга қадар унинг жилдлари 45та бўлиб, ўзбек тилида 47 жилдда нашр этилиши режалаштирилмоқда.

Мубашшир Aҳмад

Таъкидланишича, ушбу китобни нашр қилишда ислом оламида кўзга кўринган 200 нафарга яқин таниқли уламолар раҳбарлик қилишган. Китобнинг нашр этилиши 40 йил давом этган. Молиявий қийинчиликлар бўлганига қарамасдан, ўша вақтда нисбатан бой мамлакат Қувайт бу ишни ўз зиммасига олади ва 1965 йилда бошланган иш 2005 йилда якунланган.

“Китобнинг бутун дунёда фақат урду тилига таржима қилинган варианти бор эди. Шу пайтгача китобни бир қатор туркий мамлакатлар таржима қилишга уринишган. Aммо бу иш охирига етмай қолган. Aммо, алҳамдулиллаҳ, биз иккинчи бўлиб китобни ўзбек тилига таржима қилишга улгурдик”, деди лойиҳа раҳбари Мубашшир Aҳмад.

Китоб таржимонлари жамоаcи раҳбари Aбдулҳодий Ғиёс сўзларига кўра, таржима жараёнлари 5 йил аввал бошланган.

Aбдулҳодий Ғиёс

“Таржимонларни турли жойлардан йиғдик. Ниҳоят таржима ишлари ҳам бошланди, аммо жуда қийналдик. Чунки қандай услубда таржима қилишни танлаб олиш қийин бўлди. Ҳатто китоб нашр қилинишига оз қолганда рад қилган таржималаримиз ҳам бўлди.

Таржимонлар ташқаридан туриб бизга таржима қилиб бериб туришди. Бу ердаги алоҳида таржимонлар гуруҳи келган таржималарни қайта текшириб чиқиш билан шуғулланишди. Китобга домла Луқмон Бўрихон муҳаррирлик қилди”, деди Aбдулҳодий Ғиёс.

Маълум қилинишича, ушбу фиқҳий энциклопедия тартибининг соддалиги, масалаларнинг берилишида бир хил йўналиш танланганлиги билан ўқувчида ундан фойдаланиш самарасини оширади. Шунингдек, ҳамма мазҳабларни ўзида қамраб олганлиги, мазҳабларда далилларнинг келтирилиши ва қиёсий таҳлил қилиниши билан ҳам ажралиб туради.