Жаҳон | 14:00 / 14.09.2020
5026
2 дақиқада ўқилади

Франция ва Швециядаги лабораторияларда ҳам Навальний «Новичок» гуруҳидаги модда билан заҳарлангани тасдиқланди

Фото: Reuters / Scanpix / LETA

Франця ва Швециядаги лабораториялар ҳам россиялик сиёсатчи Алексей Навальнийнинг организмидан «Новичок» гуруҳига мансуб заҳарловчи модда излари топилгани тасдиқланди. Бу ҳақда Германия ҳукумати хабар бермоқда.

Берлиндагиларнинг маълум қилишича, Навальнийдан олинган намуналар бу икки давлатга мустақил текширув ўтказилиши учун юборилганди. Германия Навальнийнинг заҳарланишига оид маълумотларни ва таҳлил намуналарини Кимёвий қуролни тақиқлаш ташкилотига ҳам текширув ўтказиш учун юборган.

«Биз яна бир бор Россияни бу ҳодиса бўйича изоҳ беришга чақирамиз», дейилган Германия ҳукумати баёнотида.

  • Сентябрь ойи бошидаёқ Германия қуролли кучлари лабораториясида ўтказилган тадқиқот натижалари Навальнийнинг организмида «Новичок» излари борлигини кўрсатганди.
  • Россия ҳукумати Омскда олинган таҳлил намуналари Навальнийнинг организмида заҳарловчи модда бўлмаганини кўрсатганини таъкидлаб келмоқда. «Медуза» манбаси эса Омскда сиёсатчи «жиддий заҳарлангани кўриниб тургани» ҳақида гапирган, шу туфайли унга тез ёрдам машинасидалигидаёқ зудлик билан атропин юборилганди.
  • Кейинроқ Германиядаги Die Zeit ва Der Spiegel нашрлари ўз манбаларига таяниб Навальний «Новичок»нинг такомиллашган янги туридан заҳарлангани ҳақида ёзиб чиқишди. Манбалар маълумотига кўра, заҳарловчилар сиёсатчи самолётдаёқ жон беришини мўлжаллашганди.
Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид