Клиникадан биринчи фото
Алексея Навальнийнинг инстаграмида у 20 август куни комага тушиб, Берлиндаги «Шарите» клиникасига ётқизилганидан буён илк сурати пайдо бўлди.

14 сентябрь куни Навальний даволанаётган Берлиндаги «Шарите» клиникаси россиялик сиёсатчининг аҳволи яхшиланиб бораётгани, у сунъий нафас олдириш аппаратидан узилгани ҳақида маълум қилганди. Шифокорлар у қисқа муддатга ўрнидан тура олаётганини хабар қилишган. Бундан ташқари, бу Навальний ўзининг ҳолати ҳақидаги маълумотларни оммага етказишга шахсан ўзи рухсат берган илк ҳолат бўлди (бунга қадар бундай маълумотлар рафиқаси Юлия рухсати билан эълон қилиб борилаётганди).

«Салом, бу Навальний. Сизларни соғиндим. Мен ҳали ҳам деярли ҳеч нарса қилолмаяпман, лекин кеча кун давомида ўзим нафас олдим. Бутунлай ўзим. Ҳеч қандай қўшимча ёрдамсиз, ҳатто томоғимга ўрнатилган мосламадан ҳам фойдаланмадим. Жуда ёқди. Ажойиб, кўпчилик етарлича баҳо бермаган жараён. Тавсия этаман», деб ёзган у постида.

Унга илова қилинган суратда Навальний касалхона койкасида ўтиргани, ёнида рафиқаси Юлия, қизи Даря ва ўғли Захар акс этган.

Душанба куни Германия ҳукумати Навальнийнинг организмида «Новичок» гуруҳига мансуб заҳар излари топилганини Франция ва Швециядаги лабораториялар ҳам тасдиқлаганини маълум қилганди. Немислар ҳукумати яна бир бор Россияни мухолифатчи билан нима бўлганини изоҳлашга чақирди.

Берлиндаги BBC Russian мухбири хабар қилишича сиёсатчи даволанаётган «Шарите» клиникаси қаттиқ қўриқлов остида. Бу ерда  доимий равишда полиция автобуси навбатчилик қилмоқда.

Бинога киришда - тўлиқ қуролланган полициячилар қўриқчилик қилмоқда, шунингдек, қўриқчиларнинг аксар қисми ранг қайтарувчи жилетлар кийишган.

NYT: Навальний Россияга қайтмоқчи
Навальний Германияда қолмаслиги ва Россиядаги миссиясини давом эттиришини билдирган. Бу ҳақда New York Times нашри Германия хавфсизлик хизмати органларидаги манбасига асосланиб хабар тарқатди.

«У ўз ҳолатини, у билан нима рўй бергани ва ҳозир қаердалигини тўлиқ англамоқда. У Германияда қолмоқчи эмас. У ўз миссиясини давом эттириш учун Россияга қайтмоқчи», деган NYT суҳбатдоши.

Навальнийнинг матбуот котиби Кира Ярмиш бу маълумотни тасдиқлаган.

Газета маълумотига кўра, Навальний Германия прокуратураси вакиллари билан учрашган. Мулоқот чоғида у Россияга қайтиш истагини билдириб, Россия ҳукуматининг ишни биргаликда текшириш бўйича таклифини рад этган.