Ўзбекистон | 18:59 / 17.09.2020
17110
2 дақиқада ўқилади

Ҳисоб палатаси раисининг биринчи ўринбосари тайинланди. Раислик лавозими 1,5 йилдан буён бўш қолмоқда

Ўзбекистон Республикаси президентининг 2020 йил 15 сентябрдаги ПФ-6063-сонли фармони билан Баҳодир Тўхтамишович Туробов Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси раисининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланди.

Баҳодир Туробов 1972 йил Сурхондарё вилоятида туғилган. 1994 йил Тошкент молия институтини иқтисодчи мутахассислиги, 2000 йил Банк-молия академиясини молия мутахассислиги бўйича тамомлаган. 2007 йилда иқтисод фанлари номзоди илмий даражасини олган.

Б.Туробов 2011-2015 йилларда Молия вазирлиги бошқарма бошлиғи, Бош бошқарма бошлиғи вазифасида меҳнат қилган. 2015-2017 йилларда «Ўзпахтасаноатэкспорт» ҳолдинг компанияси Бош бошқарма бошлиғи лавозимида фаолият олиб борган. 2017-2018 йилларда Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси бош инспектори, шўъба мудири сифатида самарали меҳнат қилган.

2018-2019 йилларда Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасида раис ўринбосари вазифасида ишлаган. 2019 йил сентябрдан буён Ҳисоб палатаси раиси ўринбосари лавозимида ишлаб келаётганди.

Маълумот учун, 2017-2019 йилларда Ҳисоб палатасига раислик қилган Музраф Икромов 2019 йил мартида ишдан кетгач, палата раиси лавозими бўш қолмоқда.

Палата раисининг биринчи ўринбосари лавозими ҳам Меҳриддин Абдуллаев 2020 йил январида «Ўзбекнефтгаз» АЖ бошқаруви раиси лавозимига ўтказилганидан кейин (у 2019 йил сентябридан шу лавозимда ишлаган) бўш қолаётганди.

Мавзуга оид