Япония парламентида Ёсихидэ Суга номзоди кўпчилик овоз билан бош вазир лавозимига сайланди. У саккиз йил ичида илк янги бош вазир бўлди. Ҳукуматнинг аввалги раҳбари Синдзо Абэ соғлиги билан боғлиқ муаммолар туфайли истеъфо берганди. Абэнинг маслакдоши бўлган Суга унинг сиёсатини давом эттириши кутилмоқда.

Аввалроқ Япониянинг ҳукмрон Либерал-демократик партияси 71 ёшли Сугани ўзининг янги раиси этиб сайланганди.

Парламентнинг қуйи палатасида ҳукмрон коалиция – Либерал-демократик партия ва Комэйто партиясига 465 ўриндан 313таси тегишли бўлгани туфайли Суга бош вазирликка сайланиши олдиндан маълум эди. Унинг номзоди 16 сентябрь куни Япония парламенти Вакиллар палатаси депутатларининг кўпчилиги томонидан қўллаб-қувватланган. Янги бош вазирга 465 депутатдан 314 нафари овоз берган.

Депутатлар қаршисида чиқиш қилган Суга ўзининг биринчи навбатдаги вазифаси Covid-19га қарши кураш эканини айтган. У шунингдек ўзидан олдинги бош вазир Синдзо Абэнинг пул-кредит сиёсатини юмшатиш, дефляцияни камайтириш ва иқтисодиётни рағбатлантиришни давом эттиришга ҳамда бюрократияни чеклашга ваъда берган. Бундан ташқари, у миллий иқтисодиётни қўшимча равишда қўллаб-қувватлашни ваъда қилган.

Суга 2021 йил сентябрида ўтказиладиган навбатдаги умуммиллий сайловларгача ҳукуматни бошқаради.

Аввалги бош вазир Синдзо Абэ 28 август куни соғлигидаги муаммолар туфайли истеъфога чиққанди. У Сугадан 6 ёш кичик эди. Абэ рекорд ўрнатган - у Японияда энг узоқ вақт бош вазир бўлган сиёсатчига айланганди.

Ёсихидэ Суга ташқи сиёсатда катта тажрибага эга эмас, аммо Японияда уни бенуқсон ва самарали ишчи сифатида билишади. Куриль ороллари бўйича баҳс - Токио ва Москва кун тартибидаги муҳим масала бўлиб, кўпчиликни янги ҳукумат даврида икки давлат ўртасидаги мулоқот қандай кечиши қизиқтирмоқда.

Суга муқаддам Вазирлар Маҳкамасида котиб сифатида ишлаган. У Абэнинг яқин сафдоши, Япониядаги ОАВ маълумотига кўра эса, у ўз ўрнига қўйиб кетган кишисидир. Партия сайловлари арафасидаёқ у эҳтимолий ғолиб сифатида кўрилаётганди. Унинг даврида сиёсатда жиддий ўзгаришлар бўлиши кутилмаяпти.

Партия ичидаги сайловларда Суга 534 овоздан 377тасини қўлга киритганди.

Янги ҳукуматда аввалги бош вазир Синдзо Абэ вазирлар маҳкамасидан бир неча вазир қолган. Жумладан, ташқи ишлар вазири Тосимицу Мотэги, молия вазири Таро Асо, давлат ерлари, инфратузилма, транспорт ва туризм вазири Кадзуёси Акаба, Олимпиада ва Паралимпиада ишлари бўйича вазир Сэйко Хасимото, Япония иқтисодиётини тиклаш бўйича вазир Ясутоси Нисимура, иқтисодиёт, савдо ва саноат вазири Хироси Кадзияма, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазири Синдзиро Коидзуми ўз лавозимларини сақлаб қолишган.