Олий таълим соҳасида замонавий технологиялар ва инновацияларга асосланган нодавлат таълим хизматлари кўрсатилишини янада ривожлантириш, олий маълумотли кадрлар тайёрлашда давлат ташкилотлари ва нодавлат ташкилотлар ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, етакчи халқаро таълим ташкилотлари билан ҳамкорликни янада кенгайтириш мақсад қилинган.

Вазирлар Маҳкамасининг «Урганч шаҳрида халқаро «Binary» университети фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. 

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Хоразм вилояти ҳокимлиги билан «Binary» университети (Малайзия) ўртасида 2020 йил 8 майда Урганч шаҳрида халқаро «Binary» университетини ташкил этиш бўйича ҳамкорликдаги ҳаракатларнинг асосий принциплари тўғрисида келишув имзоланган.

Хоразм вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда «Binary» университетининг (Малайзия) Урганч шаҳрида халқаро «Binary» университети филиалини ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилди.

Қуйидагилар Филиалнинг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари этиб белгиланди:

ҳудудда ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқларининг ривожланиши истиқболлари ва устувор вазифаларини, замонавий тадбиркорликнинг ривожланиши тенденцияларини инобатга олган ҳолда тадбиркорлик ва бошқарув, ижтимоий-иқтисодий ҳамда иқтисодиётнинг эҳтиёж юқори бўлган бошқа соҳалари бўйича малакали олий маълумотли кадрларни халқаро стандартлар даражасида сифатли тайёрлашни таъминлаш;

ўқув ва илмий лойиҳаларни амалга оширишда, шунингдек, илм-фан ва ишлаб чиқариш соҳаларидаги долзарб муаммоларни ҳал этишга йўналтирилган илмий-амалий тадқиқотлар олиб боришда республика ва хорижий етакчи олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорлик қилиш;

Филиалда етакчи хорижий олий таълим муассасаларининг таълим дастурларини жорий этиш;

хорижнинг илғор олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик асосида тажриба алмашиш дастурларини амалга ошириш;

таълим дастурларига замонавий фанларни киритиб бориш, инновацион ҳамда илм-фанга асосланган технологияларни татбиқ қилиш;

таълим жараёнига етакчи хорижий олий таълим муассасаларининг малакали профессор-ўқитувчилари, олим ва мутахассисларини кенг жалб қилиш орқали замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини, илм-фан ва техниканинг янги ютуқларини жорий этиш;