Жаҳон | 07:19 / 26.09.2020
43323
2 дақиқада ўқилади

Харьковдаги авиаҳалокат сабаби ва икки киши қандай омон қолгани маълум бўлди

Украинанинг Харьков вилоятида содир бўлган авиаҳалокатнинг сабаби маълум бўлди. Дастлабки суриштирувларга кўра, ҳалокат самолётнинг чап двигатели ишламай қолгани оқибатида содир бўлган.

Ҳалокатга учраган Ан-26 бортида 27 киши бўлгани аниқланди. Улардан 7 нафари экипаж аъзолари ва 20 нафари Иван Кожедуб номидаги Харьков Ҳаво кучлари университети курсантлари бўлган. Бу маълумотни Харьков губернатори Алексей Кучер ҳам тасдиқлади.

Ҳалокат қурбонлари сони 25 нафарга етди. ОАВда икки киши авиаҳалокатда қандай омон қолгани ҳақида ҳам хабарлар пайдо бўлди. Маълум бўлишича, улар қулаётган самолётдан вақтида ўзларини ташлашган. Самолёт қулагач, ёниб кетган. Шу сабаб омон қолган икки киши ҳам куйиш ташхиси билан касалхонага ётқизилгани маълум.

Синов парвозини ўтказаётган Ан-26 ҳарбий транспорт самолёти 25 сентябрь куни Киев вақти билан соат 20:45 да Харьков – Ростов трассаси яқинида қулаб тушган. Украина президенти Владимир Зеленский эртага воқеа жойига етиб боришини айтди.

Мавзуга оид