Барретт – тақводор католик ҳисобланади. Унинг 7 нафар фарзанди бор. Барретт Олий суд ҳайъатидаги учинчи аёл бўлиши мумкин. Шунингдек, у Трампнинг Олий суддаги учинчи одамига айланади.

Эми Барреттнинг номзодини тақводор консерваторлар қўллаб-қувватлаши кутилмоқда. Чунки у абортларга қарши эканини яширмаган. Консерваторлар Барреттнинг келиши билан 1973 йилда чиқарилган Олий суднинг абортларга қонунан рухсат берилиши тўғрисидаги қарори бекор қилинишига умид қилмоқда.

Бироқ Барретт хонимнинг ўзи эътиқоди иш фаолиятига таъсир ўтказмаслигини айтиб, 1973 йилдаги Олий суд қарорини ўзгартиришга уринмаслигини айтган. У абортлар бутунлай чекланмаса ҳам, ҳеч бўлмаса туғишга яқин қолганда амалга ошириладиган абортларга рухсат берилмаслигига умид қилади. У абортларни амалга оширадиган клиникалар фаолиятини ҳам ўзгартириш керак деб ҳисоблайди.

ОАВда Трамп илгари сураётган номзод фаол муҳокама қилинмоқда ва асосан унинг эътиқоди диққат марказида бўлиб турибди. Масалан, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишини таъкидловчи Human Rights Campaign ташкилоти Барреттнинг номзодини кескин қоралаб, уни ноодатий ориентациядаги одамлар учун хавф деб атади. Шунингдек, Барретт аъзо бўлган диний гуруҳга тегишли мактабларда ёшларга фақат қарама-қарши жинс вакилларигина оила қуриши мумкин деган ғоялар ўргатилиши ҳам танқид қилинган.

Фото: Olivier Douliery/AFP/Getty Images

Эми Барретт фаолиятини Антонин Скалия офисида бошлаган. 2016 йилда вафот этган бу судья Эми Барретт ўрнини эгаллаши кутилаётган марҳум Рут Гинзбург билан дўст бўлган.

Америкадаги сайловларга ўлим аралашди. Бундан ким ютади?

АҚШ Олий суди қандай тузилма?

Бу АҚШнинг энг олий суд инстанцияси бўлиб юқори даражадаги муаммолар бўйича ҳал қилувчи қарорни қабул қилади. Олий суд ҳайъати 9 кишидан иборат бўлади ва улар АҚШ президентлари томонидан бутун умрга тайинланади.

АҚШ Олий суди одатда апелляцион инстанция кўринишида ишлайди, яъни чиқарган қарорлари муҳокама қилинмайди. Ўз навбатида, биринчи инстанция суди кўринишида ҳам ишлаши мумкин. Яъни, айтайлик, икки штат судлашганда томонлардан бири Олий суд қарори бўйича апелляция бериши мумкин. Ёки Олий суд кўрган иш мамлакатнинг биринчи рақамли инсонлари билан боғлиқ бўлса ҳам, шундай бўлиши мумкин.