Икки томон бир-бирини вазиятни кескинлаштиришда айбламоқда.

Ҳозиргача нималар бўлди?
Озарбойжон мудофаа вазирлиги якшанба тонгида Арманистон томони Тартар, Жабройил ва Фузулий аҳоли пунктларини ўққа тутгани, Озарбойжон армияси тинч аҳолини ҳимоя қилиш учун кенг кўламли қарши ҳужум бошлаганини маълум қилди.

Арманистон эса биринчи бўлиб Озарбойжон ўт очганини айтмоқда. Арманистон бош вазири Никол Пашинян Озарбойжон маҳаллий вақт билан эрталабки соат 8:00да ҳаводан ҳужум бошлаб, ракеталар учирганини маълум қилди.

Тўқнашувлардан кейин икки томон ҳам ҳарбий ҳолат жорий этилгани ҳақида маълум қилди. Арманистон бутун ҳудудида, Озарбойжон мамлакатнинг бир қисмида ҳарбий ҳолат жорий этган. Ереван 55 ёшгача бўлган эркаклар учун умуммиллий сафарбарлик эълон қилган.

Арман инқилобий федерацияси (АРФ) ҳарбий хизматчилари ва вакиллари Тоғли Қорабоғдаги вазият туфайли кўнгиллиларни ўз сафига йиғмоқда / MELIK BAGHDASARYAN\TASS

Арманистон мудофаа вазирлиги матбуот котиби Шушан Степанян ижтимоий тармоқлар орқали Арманистон фуқароларининг 10 минг нафари Қорабоғга кўнгилли сифатида йўл олишга тайёрлиги ҳақида хабар тарқатди.

Йўқотишлар
Арманистон тинч аҳоли орасида икки киши ҳалок бўлганини маълум қилди, Озарбойжон 5 кишидан иборат бир оила қурбон бўлгани ва 19 киши жароҳатланганини тасдиқлади.

Бундан ташқари, арман ҳарбийлари 16 аскар ҳалок бўлганини маълум қилди, аввалроқ юзга яқин қурбон берилгани хабар қилинганди. Озарбойжон ҳарбийлар орасидаги йўқотишлари ҳақида расман маълумот бермаган, Арманистон томони 200га яқин озар ҳарбийлари ҳалок бўлгани ҳақида хабар тарқатган.

Кун давомида зиддият томонлари душман ҳарбий техникалари йўқ қилингани ҳақида хабарлар беришди ва бунинг исботи сифатида видеолавҳалар тарқатишди.