Жамият | 15:29 / 29.09.2020
8695
2 дақиқада ўқилади

Низомий номидаги университетдан собиқ ходимга 37,7 млн сўм ундирилди

37 700 000 сўм пул маблағлари қарздор ОТМдан ундирилиб, фуқаронинг ҳисоб рақамига ўтказиб берилган. Учтепа туманлараро судининг фуқарони Тошкент давлат педагогика университетига аввалги эгаллаб турган кафедра мудири лавозимига ёки университетдаги унга тенг бошқа лавозимга ишга тиклаш тўғрисида ажрим ҳам келиб тушган. 

Фото: ТДПУ

Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар Учтепа туманлараро судининг 2020 йил 20 августдаги ижро варақасига асосан, ундирувчи фуқаро Ш.Раҳимовани Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетига эгаллаб турган лавозимига ёки унга тенг бошқа лавозимга ишга тиклаш ва қарздор Тошкент давлат педагогика университетидан ундирувчининг фойдасига мажбурий прогул вақти учун 10 000 000 сўм, маънавий зарар учун 8 000 000 сўм, вакил харажатлари учун 19 700 000 сўм, жами 37 700 000 сўм пул маблағлари ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжатлари 21 августда келиб тушган. 

15 сентябрда юқоридаги жами 37 700 000 сўм пул маблағлари қарздор ОТМдан ундирилиб, 16 сентябрь куни фуқаронинг банк ҳисоб рақамига ўтказиб берилган. Бундан ташқари, 3 сентябрда бўлимга фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар Учтепа туманлараро суднинг Ш.Раҳимовани Тошкент давлат педагогика университетига аввалги эгаллаб турган кафедра мудири лавозимига ёки Тошкент давлат педагогика университетидаги унга тенг бошқа лавозимга ишга тиклаш тўғрисида ажрим келиб тушган ҳамда қарздор ОТМга ушбу ажримнинг ижросини таъминлашни сўраб хат берилган. 

Бироқ, қарздор ОТМ томонидан ушбу ижро ҳужжатининг ижроси таъминланмаган. Шунга кўра, 23 сентябрда қарздор ОТМ раҳбариятига нисбатан маъмурий жарима қўллаш масаласини кўриб чиқиш учун Тошкент шаҳар Чилонзор туман маъмурий судига тақдимнома киритилган. 

Ҳозирги кунда МИБ Чилонзор туман бўлими томонидан ижро ҳужжатининг қолган қисми бўйича ижро ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Мавзуга оид