Жаҳон | 17:16 / 30.09.2020
3375
1 дақиқада ўқилади

Абхазияда бўлиб турган 400га яқин фуқароларнинг биринчи гуруҳи октябрь бошида Ўзбекистонга қайтарилади - ТИВ

Қолган фуқаролар Россия томонидан давлат чегарасини транзит мақсадида кесиб ўтишга рухсат берилгандан кейин Ўзбекистонга қайтарилади.

Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси ва Ростов-Дон шаҳридаги бош консулхонасига Абхазия ҳудудида бўлиб турган 400га яқин Ўзбекистон фуқароларининг ватанга қайтишда кўмак бериш тўғрисидаги мурожаатлари келиб тушган.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг оператив штаби ахборотида айтилишича, ушбу муаммони ҳал этиш мақсадида мамлакат ташқи сиёсат идораси Россия томонига ҳамюртларни ватанга қайтариш учун уларнинг Россия чегарасини кесиб ўтишларига рухсат олиш юзасидан яна бир бор тегишли мурожаат юборган.

Ёрдамга муҳтожлардан (аёллар, ҳомиладорлар, қариялар ва болалар) иборат Ўзбекистон фуқароларининг биринчи гуруҳини шу йилнинг октябрь ойи бошларида ватанга қайтариш режалаштирилган.

Қолган фуқаролар Россия томонидан давлат чегарасини транзит мақсадида кесиб ўтишга рухсат берилгандан кейин Ўзбекистонга қайтарилади, дейилади вазирлик маълумотида. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид