29 сентябрь куни Душанбе шаҳрида Ўзбекистон Республикаси бош вазири Абдулла Арипов Тожикистон Республикаси бош вазири Қоҳир Расулзода билан учрашди.

«Тожикистон ва Ўзбекистон икки томонлама муносабатлари юқори даражадаги ишончдан далолат беради. Биз стратегик ҳамкоримиз ва ишончли қўшнимиз Ўзбекистон билан мустаҳкам алоқаларни қадрлаймиз.
Табиийки, икки томонлама ҳамкорликни бу даражага етказиш ва шу даражада ушлаб туриш, аввало, икки давлат раҳбарлари - Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси президенти, ҳурматли Имомали Раҳмон ва Ўзбекистон Республикаси президенти, ҳурматли Шавкат Мирзиёев ўртасидаги самимий, дўстона ва ўзаро ҳурматга асосланган муносабатлар туфайли эришилган.
Фурсатдан фойдаланиб, Тожикистон томонининг Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича «Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги мажлисининг юзма-юз ўтказилаётганидан мамнунлигини билдираман. Фикримизча, комиссия иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришнинг муҳим ва самарали омили сифатида фаолият юритмоқда.
Ўзбекистон ҳукумати делегациясининг бугунги ташрифи жорий йилнинг сентябрь ойида муносабатларга туртки бериш, шунингдек, икки мамлакат ҳамкорлигини кенгайтириш ва мустаҳкамлаш борасидаги Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги тадбирларнинг асосий банди саналади», деган Тожикистон бош вазири.
У муваффақиятли ўтказилган қатор чора-тадбирлар икки томоннинг ҳам муносабатларни юқори даражада ушлаб туриш ва келгусида янада ривожлантиришга тайёрлигининг нишонаси эканини қайд этган.

Тожикистон бош вазири коронавирус туфайли сўнгги ярим йилда икки давлат ўртасидаги савдо айланмаси ҳажми камайганини айтиб ўтган.
«Ўтган уч йил давомида Ўзбекистон бизнинг ташқи савдо ҳамкорларимиз бешталигида барқарор мавқени эгаллаб келмоқда. Таҳлилларимизнинг кўрсатишича, Ўзбекистон билан савдо айланмаси 2015 йилдаги 12 миллион АҚШ долларидан 2019 йилдаги 362 миллион долларга етди. Бу кўрсаткич 30 бараварга ошган.
Статистик маълумотларга кўра, 2020 йилнинг олти ойи давомида Ўзбекистон билан савдо айланмаси ҳажми 217 миллион АҚШ долларидан зиёдни ташкил этган. Бу эса савдо айланмаси ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 14,2 миллион АҚШ долларига камайганини кўрсатади. Шубҳасиз, бу ҳолат ўз сабабларига эга бўлиб, коронавирус пандемияси билан боғлиқдир.














