2016 йилнинг 8 ноябрида АҚШ президентлиги учун сайловлар қандай кечганини кузатиб борганларнинг аксарияти дам-бадам The New York Times саҳифаларини янгилаб, сайлов натижалари бўйича прогнозлар билан танишарди. Овозларни ҳисоблашнинг дастлабки босқичида, ҳали ҳал қилувчи штатлардан натижалар келиб тушмаганида жамоатчилик ўртасида ўтказилган сўровларнинг натижалари Ҳиллари Клинтоннинг ишончли ғалабаси ҳақида прогноз қиларди - 80 фоиздан ортиқ. Трампнинг имкониятлари эса ўшанда 20 фоиздан пастроқ баҳоланаётганди.

Аммо ижтимоий сўровларга асосланган прогнозлар ўзини оқламади.

Ўшанда бир кун ичида Клинтон хонимнинг устунлиги йўққа чиққан. Кечқурун соат 8га бориб Трампнинг ғалабаси эҳтимоли 95 фоизга баҳолана бошлаган.

Аммо бу прогнозлар ҳеч қачон тўғри бўлмаслиги ва унга ишонмаслик кераклигини англатадими? BBC рус хизмати шу каби саволларга жавоб излади.

Трамп ва Байденнинг илк дебати. Устунлик ким томонда?

Хатолик бўлганмиди?
Энг муҳими, социологлар ўшанда Ҳиллари Клинтон 2-3 фоиз пункт фарқи билан ғалаба қозонишини прогноз қилишганди. Улар бу борада адашишмади: Клинтон чиндан ҳам Трампни сайловчиларнинг овози бўйича 2 фоизлик фарқ билан ортда қолди. У сайловда ютқазмагани аниқ эди, аммо Трамп делегатлари сони кўпроқлиги эвазига ғолибга айланганди.

Тўрт йил муқаддам Ҳиллари Клинтон сўровларда етакчилик қилган ва унга овоз берганлар сони Трампнинг тарафдорларидан уч миллионга кўпроқ бўлган, аммо у барибир ютқазганди

Шовқин-суронлар тугагач, социологлар нима ўхшамаганини аниқлашга киришишади. Улар аниқлаштириш керак деб ҳисоблаган бир қанча фаразлар мавжуд эди.

Аввалига хатолик айрим респондентлар мунтазам равишда сўровномалар саволларини жавобсиз қолдиргани туфайли юз бергани тахмин қилинади. Хусусан, кам маълумотли сайловчилар одатда сўровларда қатнашишдан бош тортишарди.

Иккинчи назарияга кўра, сўровномаларда иштирок этган одамларнинг бир қисми шунчаки ростгўйлик қилишмаган: улар шунчаки сўровнома ўтказувчилар билан суҳбатлар вақтида «донгдор бўлмаган» номзодга овоз бериш ниятини тан олмаган бўлиши мумкин. Бундай эҳтимол юқори эди, айниқса, «Брэдли эффекти» ҳисобга олинса: 1982 йилда қора танли демократ Том Брэдли Калифорния губернаторлиги учун сайловларда республикачи номзодга ютқазганди, ҳолбуки у сайловдан олдин барча сўровномалар бўйича олдинда борган. Сабаби оддий  эди - интервью берганларнинг кўпчилиги бу қора танли номзодга овоз бермоқчимаслигини тан олишдан уялган.