Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитасининг асосий вазифалари белгиланади
Қўмита пиллачилик ва қоракўлчилик соҳасида ягона давлат сиёсатини олиб борувчи, шунингдек, ушбу тармоқларни ягона илмий-техникавий сиёсатни юритган ҳолда, мувофиқлаштирилган тарзда ривожлантиришни таъминловчи давлат бошқаруви органи ҳисобланади.
Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитаси тўғрисида низом;
“Ўзбекипаксаноат” уюшмаси қошидаги Пиллачиликни ривожлантириш жамғармаси маблағларини шакллантириш ва ундан фойдаланиш тартиби тўғрисида низом;
Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали ипак чиқиндилари (шу жумладан ипак момиғи) ва хом ипакни олиб чиқиш устидан мониторинг қилиш тартиби тўғрисида низом тасдиқланади.
Қўмита ўз ваколатларини барча давлат органлари ва ташкилотлари, уларнинг мансабдор шахсларидан мустақил равишда амалга оширади ва ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Бош вазирига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосарига бўйсунади ва ҳисобот беради.
Қўмита тизимига:
Қўмитанинг марказий аппарати;
Қўмитанинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги ҳудудий бошқармалари;
Ипакчилик илмий-тадқиқот институти;
Қоракўлчилик ва чўл экологияси илмий-тадқиқот институти;
Бухоро чўл яйлов озуқабоп ўсимликлар уруғчилиги илмий-ишлаб чиқариш маркази киради.
Қуйидагилар Қўмитанинг асосий вазифалари ҳисобланади:
пиллачилик ва қоракўлчилик соҳасида ягона давлат сиёсатини олиб бориш, шунингдек, ушбу тармоқларни ягона илмий-техникавий сиёсатни юритган ҳолда, мувофиқлаштирилган тарзда ривожлантиришни таъминлаш;
тут плантациялари ва яйловларнинг қатъий ҳисобини юритиш ва фондини ўрганиш, шунингдек, пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш учун озуқа базасини яхшилаш;
ипак қурти ва қоракўл зотли қўйларнинг юқори даражада маҳсулдор наслларини жорий қилиш;
пилла ва қоракўл терисидан тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш мақсадида хом ашё тайёрлаш ва уни қайта ишлаш учун қулай шароитлар яратиш;
маркетинг тадқиқотларини ўтказиш ҳамда ипак ва қоракўлдан тайёрланган маҳсулотларни энг аввало ташқи бозорларда сотишга кўмаклашиш;
пиллачилик ва қоракўлчилик билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларига ўз фаолиятини кенгайтириш, кластерлар ташкил этиш ва маҳсулотни экспорт қилишда ҳар томонлама ёрдам бериш.
Қўмита ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Президентига ва Ўзбекистон Республикасининг Бош вазирига Қўмитанинг фаолияти натижалари тўғрисида ҳисобот беради.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг тегишли таркибий бўлинмалари раҳбарлари ва Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Қўмита раҳбарларининг уларга юкланган вазифаларни самарали бажариши бўйича фаолиятининг доимий мониторингини олиб боради, Қўмита фаолияти самарадорлигига холисона баҳо беради.
Мониторинг ва баҳолаш якунлари бўйича Қўмитанинг алоҳида ўрнак кўрсатган раҳбарлари, мансабдор шахслари ва ходимлари рағбатлантирилади ёхуд йўл қўйилган жиддий камчиликлар учун эгаллаб турган лавозимидан озод қилишгача жавобгарликка тортилади.