Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон туманидаги Кўганли маҳалласида 6,5 миллиард сўмга қуриб битказилган кўприк ҳеч қанча вақт хизмат кўрсатмай қулаб тушган. Аҳоли шу маҳалладаги янги йўл қурилиши ҳам худди шундай сифатсиз бажарилиб, яроқсиз ҳолга келиб қолишидан қўрқмоқда, деб ёзади Daryo.uz.
Онлайн нашрга шикоят қилган қумқўрғонликлар йўл таъмири учун ажратилган 5,5 миллиард сўм тўғри сарфланмаяпти, деган фикрда.

«Маҳалламиз ҳудудидан ўтувчи 19 км йўл таъмири учун 5,5 миллиард сўм маблағ ажратилиб, 2020 йилнинг январь ойида таъмирлаш ишлари бошлаб юборилган. Бироқ таъмирлаш ишлари лойиҳада кўрсатилгандек амалга оширилмаяпти. Бу эса йўлнинг сифатсиз қурилишига сабаб бўлади», — дейди Кўганли маҳалласида яшовчи Умбар Зоиров.

Умбар Зоировнинг маълумот беришича, Сариосиёдан олиб келиниши лозим бўлган шағал, Жарқўрғондан келиши лозим бўлган қум ва нефть маҳсулотлари олиб келинмаяпти. Уларнинг ўрнига лойли қум ва сифатсиз шағалдан фойдаланилмоқда.
Мурожаатчилар маҳаллада 2017 йил охирида 6,5 миллиард сўмга қурилиб, фойдаланишга топширилган кўприк 2020 йил бошига келиб яроқсиз ҳолга келганини таъкидлаб, қурилаётган йўл ҳам шундай сифатсиз бажарилгач, ҳеч қанча вақт ўтмай яроқсиз бўлиб қолиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.

«Йўл сифатсиз таъмирланаётгани, шунингдек, қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилаётган пайт йўл белгилари ўрнатилмагани сабаб биз бундан норози бўлдик ва таъмирлаш ишлари тўхтатилишини талаб қилдик, — дейди аҳоли вакиллари. — Ушбу ҳудудда 500 нафар ўқувчи ўқийдиган 43-мактаб бор. 2020 йил январда таъмирлаш ишлари бошланган пайт лойли қум тўкилгани сабаб фарзандларимиз мактабга боришда лойга ботиб қоларди. Айни кунларда эса чанг тўзондан азият чекяпмиз».

Аҳолининг қўшимча қилишича, талабга жавоб бермайдиган йўл сабаб йўлкира нархлари ҳам кескин ошган.
«Таксилар маҳалламизга кириш жойдаги катта йўлдан Деновга қадар 8 минг сўм билан олиб боришса, Элбаён орқали Шўрчи туманига олиб чиқувчи 19 км йўлга 10 минг сўм сўрашади. Сабаби – йўл бузуқ ва сифатсиз. Қолаверса, айни кунда чанг ва юриб бўлмайдиган даражага келган», — дейди Тўхтамиш Ибрагимов.

















