Оқ уйнинг президент вирусдан зарарлангани ҳақидаги хабари Вашингтон вақти билан соат тунги иккида эълон қилинди, америкаликларнинг катта қисми бу ҳодисадан фақат тонгда хабар топди.

BBC’нинг Шимолий Америка бўйича корреспонденти Энтони Зуркер бу ҳодисани сиёсий зилзила деб атади.

Дунёдаги энг қудратли инсоннинг жиддий касалликка чалиниши, айниқса, сайловларга бир ой вақт қолганида сайлов жараёнига ҳам таъсир кўрсатиши мумкин.

Президентлик сайловлари энди нима бўлади?
«Мен сайловлар 3 ноябрь куни ўтказилишига ҳеч қандай шубҳа қилмаяпман», деди Америкадаги Politico нашрининг Европадаги бўлими муҳаррири Жек Бланшар.

Ушбу таҳлилчи интернетда пайдо бўлаётган конспирологик талқинларни жиддий қабул қилмасликка чақирган.

АҚШ тарихида бирор-бир сабабга кўра президентлик сайловлари қолдирилиши ҳали кузатилмаган. Америкаликлар онгида «ноябрнинг биринчи душанбасидан кейинги биринчи сешанба» санаси муҳрланиб қолган.

1841 йилда Уильям Гаррисон президентлик қасамёдини қабул қилганидан бир ой ўтиб оламдан ўтганида вице-президент Жон Тайлер қолган тўрт йил давомида мамлакатни бошқариши кераклиги ёки шошилинч равишда сайловлар ўтказилиши бўйича баҳслар бўлган. Ўшанда Тайлер 4 йил давомида президентлик қилган ва бу масала бошқа ҳеч қачон кўтарилмаган.

Бирор номзод сайловлар яқин қолганида вафот этгани ёки сайловда иштирок этишга ярамай қолгани билан боғлиқ ҳолат рўй бермаган.

Трампнинг соғлиги ҳақида нималар маълум?
АҚШ президенти твиттердаги саҳифасида яқин маслаҳатчиси Ҳоуп Ҳиксда вирус чиққач, ўзи ва рафиқаси коронавирусни аниқлаш учун тест топширгани, иккисининг ҳам натижаси мусбат чиққани ва энди карантинга кетишлари ҳақида ёзди.

Оқ уй Трампда Covid-19 аломатлари енгил шаклда эканини маълум қилди. Оқ уй маъмурияти раҳбари Трамп тетик ҳолда ишлашни давом эттираётганини айтди ва президент тез орада соғайишига умид билдирди.

New York Times нашри президентга яқин манбасига аосланиб хабар беришича, ундаги аломатлар шамоллашникига ўхшаш кечмоқда - унда йўтал ва ҳарорат кузатилмоқда.

Президентнинг даволовчи шифокори Шон Конли у ўз мажбуриятларини бажара олишини маълум қилган.

«Айни вақтда президент ва биринчи хоним ўзларини яхши ҳис қилишмоқда, улар соғайгунларича Оқ уйда қолишмоқчи. Ишонтириб айтишим мумкинки, президент ҳеч бир муаммосиз ўз ишини бажаришда давом эта олади», деган у.