2025 йилнинг 1 декабрь куни Тошкент шаҳридаги Ёшлар ижод саройида мамлакатимизда фуқаролик жамияти институтлари соҳасида амалга оширилган ишларни таҳлил қилиш ва соҳани янада ривожланиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш учун мулоқот майдони – «Фуқаролик жамияти ҳафталиги»га старт берилди.

Таъкидлаш жоиз, президент фармонига мувофиқ, ҳар йили декабр ойининг биринчи ҳафтасида «Фуқаролик жамияти ҳафталиги» ўтказилиши белгиланган.

Парламент аъзолари, давлат идоралари ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, хорижий экспертлар иштирок этаётган Ҳафталик дастлаб, фуқаролик жамиятининг 1500 нафардан ортиқ вакилларини жалб этган ҳолда республикамизнинг барча ҳудудларида ўтказилиб, сараланган таклиф ва ташаббуслар асосида бугун пойтахтда старт олди.

Қайд этиш лозимки, сўнгги йилларда Ўзбекистонда фуқаролик жамияти институтлари учун янги давр бошланди.

2023 йилда қабул қилинган янги таҳрирдаги Конституцияда биринчи маротаба фуқаролик жамияти институтларига бағишланган алоҳида боб киритилиб, жумладан, жамоат бирлашмалари ва бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, оммавий ахборот воситалари фуқаролик жамиятининг асосини ташкил этиши мустаҳкамлаб қўйилди. Жорий йилда соҳага оид 20 га яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди. Фуқаролик жамияти институтлари фаолиятига дахлдор 10 та қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

«Ўзбекистон–2030» стратегияси, 2021–2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси ва президент фармонлари Янги Ўзбекистонда эркин ва кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш борасида кенг кўламли ва шиддатли ислоҳотларнинг амалга оширилишига хизмат қилмоқда. Фуқаролик жамияти институтлари муҳим ташаббус ва лойиҳаларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг шаффоф ва соғлом рақобат тамойилига асосланган янгича тизими яратилди.

Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди қайта ташкил этилди ва Жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Олий Мажлис Сенатининг 8 нафар аъзоси ва Қонунчилик Палатасининг 8 нафар депутатидан иборат Парламент комиссияси фаолиятини бошлади.