Сурхондарёнинг Қумқўрғон тумани ҳудудидан ўтувчи, давлат аҳамиятидаги 4P-105 «Дарбанд-Бойсун-Элбаён» автомобиль йўлининг 76-километрида жойлашган, узунлиги 66 погонаметр бўлган «Полвонтош» селгаси устидаги кўприкнинг оралиқ таянч устунлари 1 метрга чўкиши ва устки плиталари қулаши натижасида кўприк яроқсиз ҳолатга келиб қолган.

Ҳозирда пиёдалар ва автомашиналар ҳаракати чекланган. Энг ачинарлиси, 6,5 млрд сўмга капитал таъмирланган бу кўприкнинг фойдаланишга топширилганига эндигина 1 йил-у 7 ой тўлган эди.

6,5 млрд сўмга капитал таъмирланган кўприк ҳеч қанча вақт ўтмай 9,6 миллиард сўмга яна капитал таъмирланиши режалаштирилмоқда.

«Арпа уни»га айланган карантин

Сурхондарё вилоят прокуратураси ушбу ҳодиса юзасидан расмий баёнот берди.

Унда мазкур ҳолат юзасидан «Сурхон қурилиш назорат ўлчов» МЧЖ ва вилоят автомобиль йўллари ҳудудий бош бошқармаси мутахассислари томонидан расмийлаштирилган далолатномага кўра, ўтказилган назорат ўлчовида пудратчи корхона томонидан қўшиб ёзиш ҳолатлари аниқланмагани, лойиҳа смета ҳужжатларига нисбатан бажарилмаган ишлар хажми 34 млн 491 минг 265 сўмни ташкил қилиши ва шартнома шартлари пудратчи томонидан тўлиқ бажарилмагани айтилади.

Баёнотнинг бу қисми тушунарли, прокуратура айтмоқчики, пуллар тўғри сарфланган, ҳеч ким еб-ичиб кетмаган. Лекин баёнотнинг бошқа бир қизиқ қисми борки, киши эътиборини ўзига тортмай қўймайди.

«... омма ўртасида коронавирус касаллиги тарқалиб кетишини олдини олиш учун карантин эълон қилиниб, шахслар билан мулоқот қилиш вақтинчалик тўхтатилгани сабабли ҳар қандай тергов ҳаракатларини ўтказишнинг имкони йўқлиги, мазкур ҳолатни ойдинлаштириш учун бошқа шахслардан ва мутахассислардан хулоса олиш имконияти мавжуд бўлмаган.

Шу сабабли, 18.06.2020 йилда Термиз транспорт прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 83-моддаси 2-бандига асосан жиноят иши қўзғатишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилинган».