«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов машиналар ҳаракатланиш тезлиги, пандемияда мактаблар очилиши ва «Юксалиш» ҳаракати юзасидан турли саволларга жавоб берди. У Kun.uz’нинг «Эркин суҳбат» кўрсатуви навбатдаги меҳмони бўлди.

— «Юксалиш» умуммиллий ҳаракатининг мақсад ва вазифалари нималардан иборат? Расмий сайтда бу ҳақда кўп маълумот берилган, лекин шуни раис ўзидан эшитсак, шуларни соддароқ тушунтириб беринг.

— Ҳаракатнинг асосий вазифаси Ўзбекистондаги муҳим ижтимоий-сиёсий жараёнларга жамоатчиликни жалб қилишдан иборат ва бу бир неча босқичларда амалга оширилади.

Биринчидан, мулоқотни ривожлантириш яъни давлат томонидан амалга оширилаётган ўзгариш ва ислоҳотларни жамоатчиликка оддий-содда тилда етказишдир. Шу билан бирга аҳолини ташвишлантираётган масалалар ҳақида ҳукумат ва парламентни хабардор қилиш. Чунки қарор қабул қилаётганда жойлардаги фуқароларни ташвишлантираётган реал вазиятларни ҳисобга олиш керак. Иккинчиси — фуқароларни муҳим сиёсий жараёнларга жалб қилиб бориш. Бунинг учун биз жамоатчилик кенгашларини ривожлантирмоқдамиз, чунки уларнинг асосий вазифаси халқ ва давлат ўртасида кўприк бўлиш ҳисобланади. Учинчиси — маниторинг қилиш, яъни биз давлат дастурлари ва ислоҳотларнинг маниторингини олиб борамиз. Вазирлар Маҳкамаси ҳам бу иш билан шуғулланади, лекин биз улардан фарқ қиламиз. Бу фарқ биздаги ҳисоботлар нисбатан шаффоф кўринишда касб этиши билан ўз аксини топади. Шунингдек, бирон-бир давлат идораси бир ҳужжатни қабул қилса ёки бирон соҳани ривожлантириш учун йўл харитаси қабул қилинса, биз давлат дастуридаги ишнинг моҳияти реал ҳаётда ўз аксини топдими, йўқми шуни аниқлаймиз. Шу билан бирга биз ҳам ҳисоботлар бериб борамиз.

Ушбу ҳисоботлар ва маълумотлар қанчалик даражада жамоатчиликка очиқ. Ҳисоботлар Вазирлар Маҳкамаси — ҳукуматга киргизилар экан жамоатчиликка ҳам эълон қилинадими?

— Албатта, биз ҳисоботларни турли кўринишларда эълон қилиб борамиз. Аввало ўз веб-сайтимизда бу маълумотларни бериб борамиз ва баъзи вақтларда бу ахборотлар жамоатчилик орасида резонанс уйғотади. Бошқа ҳолларда биз жамоатчилик муҳокамаларини ўтказамиз, яъни давлат идораси вакиллари, жамоатчилик вакилларини бир стол атрофига чақириб, ечим йўллари ёки муаммонинг мазмунини муҳокама қиламиз. Маълумки, ҳукумат доимий тарзда давлат дастури ижроси бўйича парламентда ҳисобот бериб боради ва ўша вазиятда натижаларни очиқ муҳокама қилишга имкон бўлади.